Атом энергиясидан тинчлик мақсадида самарали ва хавфсиз фойдаланишда давлат органларининг ваколатлари қандай?
2026 йил 21 апрелда «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қонуннинг аҳамияти ва муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Дунёда аҳоли ва саноатда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга бориб 120-125 миллиард кВт соатга етади. Бу эса энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни тақозо қилади.

Маълумки, дунё уран захираларининг тахминан 4 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади ва йилига 3,5 минг тоннадан ортиқ уран қазиб олинади. Шу боис, юртимиз дунёдаги йирик уран ишлаб чиқарувчи мамлакатлар қаторида мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. Бу соҳадаги бой саноат тажрибаси атом энергетикасини ривожлантиришда янги босқичга асос бўлмоқда.
Атом энергетикасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг барқарор энергетика тизимини яратиш, саноатни ривожлантириш ва минтақавий тараққиёт учун муҳим омилдир.
Катта ва кичик реактор блокларининг уйғун фаолияти тармоқ барқарорлигини таъминлаб, қайта тикланувчи манбаларни самарали интеграциялаш имконини беради.
Қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда дунёда 30 дан ортиқ давлатда атом электр станциялари мавжуд бўлиб, уларда 400 дан зиёд реакторлар ишлаб турибди ва улар жаҳон электр энергияси ишлаб чиқаришнинг тахминан 10 фоизини ташкил этмоқда.
Мамлакатимизда ҳам атом энергетикасини ривожлантириш, энергиядан фойдаланиш хавфсизлиги, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилган Атом энергияси агентлигининг фаолияти самарали ташкил этилди. Ушбу агентликка атом энергияси соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида 17 устувор йўналиш белгиланди.
Шу билан бирга, Агентлик томонидан атом объектларидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш, радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларга мос тизим яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлаш йўналишида қатор ислоҳотлар амалга оширилиши билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари, жумладан, ядро хавфсизлиги ва радиация муҳофазаси бўйича шартномалардан келиб чиқадиган вазифалар ҳам босқичма-босқич бажарилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда ядровий технологиялар фақат энергетика соҳасида эмас, балки ноэнергетика йўналишларида ҳам, хусусан, ядровий медицина, маҳсулотларни стерилизация қилиш, маданий меросни сақлаш ва бошқа соҳаларда ҳам самарали татбиқ этилиб, миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг ҳамда ушбу соҳадаги давлат бошқаруви бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган органларнинг ваколатларини аниқлаштириш мақсадида “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида самарали ва хавфсиз фойдаланиш, давлат органлари ваколатларини аниқлаштириш, соҳадаги ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Қонунда атом энергияси соҳасидаги ваколатли орган сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги экани белгиланди.
Агентлик атом энергияси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Соҳавий дастурларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, хавфсизлик чора-тадбирларини белгилаш ҳамда халқаро ҳамкорликни таъминлаши мустаҳкамлаб қўйилди.
Давлат органларининг ваколатлари ва жавобгарлиги аниқ белгиланди. Жумладан, амалдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунда Энергетика вазирлиги мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини ишлаб чиқиши ҳамда унинг бажарилишини назорат қилиши белгиланганини инобатга олиб, қонунда Энергетика вазирлиги атом энергетикаси манбалари ҳисобини юритиши, электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол балансида атом энергетикаси улушини ҳисобга олиши каби вазифаларни амалга ошириши назарда тутилди.
Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгилангани сабабли қонундаги “давлат бошқаруви органи” сўзлари “республика ижро этувчи ҳокимият органи” сўзларига таҳририй ўзгартирилди.
Бу эса қонун ҳужжатларида ягона ҳуқуқий атамаларни ишлатиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқлик ва уйғунликка эришиш имконини беради.
Қонун билан атом энергияси соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди. Ядро хавфсизлиги ва радиация муҳофазасини таъминлаш, давлат органлари ўртасидаги ваколатлар ва жавобгарликни аниқ белгилаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид меъёрлар белгиланди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг ядро хавфсизлиги бўйича нуфузини оширишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА