“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” танловининг ҳудудий босқич ғолиблари тақдирланди
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳорати ва тажрибасини оммалаштириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг ҳудудий босқичи якунланди.
Танловда республика бўйлаб туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 1 минг 664 нафар директор ўринбосари ҳамда тарбиячилар иштирок этди. Иштирокчилар ўз билим ва кўникмалари, инновацион ёндашувлари ҳамда болалар тарбиясидаги тажрибаларини намоён этди.
Танлов якунига кўра, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Шунингдек, ғолиблар учун қатор имтиёзлар ҳам белгиланган.
Жумладан, олий маълумотли иштирокчиларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади. Олий маълумотга эга бўлмаган иштирокчилар эса олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига кириш имтиҳонларисиз ўқишга кириш имкониятини қўлга киритади.
Мазкур танлов мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларни рағбатлантириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва таълим сифати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА