Атом энергетикаси соҳасида давлат бошқаруви қандай йўлга қўйилган?
(+видео)
Атом энергетикасини ривожлантиришда давлат бошқаруви тизими, ваколатли органларнинг вазифалари ҳамда ядровий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда давлат органларининг ваколатлари, маҳаллий ҳокимиятларнинг иштироки ва халқаро стандартларга риоя этиш тартиби қонунчилик билан белгилаб қўйилган.
"Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси" давлат корхонаси юридик бўлими бош мутахассиси Дилноза Собирова бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
– Атом энергиясидан тинч мақсадларда хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш ташкилотлари ҳамда бошқа ваколатли тузилмалар ўз вазифалари доирасида фаолият юритади.
Мазкур тизимда "Ўзатом" агентлиги атом энергетикаси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тармоқни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда радиациявий ва ядровий хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.
Шу билан бирга, ваколатли давлат органлари атом энергиясидан хавфсиз фойдаланиш, фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, атом объектлари жойлашган ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳамкорликда фаолият юритади.
Маҳаллий ҳокимият органлари эса аҳолини радиациявий вазият ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш, авариялар оқибатларини камайтириш ҳамда атом объектлари билан боғлиқ масалалар муҳокамасини ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Атом электр станцияларининг хавфсизлиги Халқаро атом энергияси агентлиги тавсиялари ва халқаро стандартлар асосида 3+ авлоддаги энг замонавий технологияларни қўллаш асосида таъминланади. Шунингдек, ХАЭА Ўзбекистоннинг ядровий инфратузилмасини мунтазам баҳолаб, хавфсизлик бўйича халқаро конвенцияларга риоя этилиши ҳамда ядровий материаллар ҳисоби ва назорати халқаро талаблар асосида юритилишини кузатиб боради.
Насиба Зиёдуллаева,
Ёқубжон Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж),
ЎзА