Қуйи палата Президент Администрацияси тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ваколатларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Қонун лойиҳасида Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.
Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракцияларида ҳамда масъул қўмитада атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамаларга ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар жалб этилди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида келиб тушган ҳар бир таклиф моддама-модда кўриб чиқилиб, долзарб ва асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди.
Ушбу конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
М.Комилова, ЎзА