Аср билан юзлашаётган нашр
Жамиятда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши кураш, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда оммавий ахборот воситаларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ички ишлар вазирлигининг “Postda-На посту-At the post” газетаси ҳам узоқ йиллик тарихи, бой тажриба ва салоҳиятига кўра, ўз ўқувчиларини тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан узлуксиз хабардор қилиб, турли ёт ғоялар ва жамиятдаги иллатлардан огоҳ бўлишга даъват этиб келмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган газета ва журналлар орасида «Postda»нинг ҳам ўз овози ва қиёфаси, муносиб ўрни бор.
1930 йил 12 майдан бошлаб чоп этилган ушбу нашрнинг илк сони газетхонлар қўлига етиб борганига 96 йил тўлди. Салкам бир асрга яқин вақтдан буён ушбу нашр ўз ўқувчиларига эга бўлган етакчи нашрлардан бири сифатида кўп сонли муштарийларнинг меҳрини қозониб келмоқда.
Айниқса, ички ишлар органларида олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришларни ёритишда, ходимлар ва улар оила аъзоларининг дунёқарашини кегайтириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билим ва салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ходимларнинг юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги машаққатли фаолияти, қувонч ва ташвишлари, улар эришган ютуқлар, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларнинг ёрқин хотираси, истеъдодли ходимларнинг ижод намуналари – буларнинг барчаси газета саҳифаларида ўз аксини топган.
Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантириш ва китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида ҳам ижодий жамоа томонидан салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, “ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонасидан” туркумида “Маънавият ва маърифат чашмаси”, “Ёшлар – келажак пойдевори”, “Коррупция – тараққиёт душмани”, “Нурли маскан орзулари”, “Жасорат ва буюклик тимсоли – аёл”, “Юртнинг жасур ўғлонлари” каби 10 дан зиёд номдаги китоблар нашр этилиб, тизимдаги “Ватанпарварлик бурчаклари” ҳамда ҳудудий кутубхоналарга бепул тарқатилди ва бу анъана давом этмоқда.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, яқин йиллар давомида таҳририят ижодий жамоаси турли маҳаллий ва халқаро танловларда ҳам фаол иштирок этиб, муносиб ютуқларни қўлга киритди.
Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлови, “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида”, “Армия – юртимиз тинчлиги ва осойишталиги рамзи”, “Биз коррупцияга қаршимиз” каби танловлар, ижодкор аёллар ўртасидаги “Атиргул” мукофоти каби ижодий мусобақаларда таҳририят мухбирлари фахрли ўринларни эгалладилар.
Бир сўз билан айтганда, бугун ахборот майдонида ўз айтар сўзига эга бўлган, аср билан юзлашаётган «Postda» газетаси жамоаси улуғвор мақсадлар ва юксак ишонч билан энг аввало, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг маънавиятини ошириш борасида янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриб, ўз саҳифалари орқали муҳим ва ранг-баранг мавзуларни чуқур ёритиш борасида тинимсиз изланмоқда.
Бугун давр шиддатига мос равишда жонли нашр, рақамли газета шаклида ҳам материаллар чоп этилмоқда. Муҳим мавзудаги мақолаларнинг “QR-cod” орқали аудио ва видео тарзида ҳам муштарийларга етказилмоқда. Материалларни рус, инглиз ва қорақалпоқ тилида ҳам ўқиш имконияти мавжудлиги, газета ичида босма ОАВ шаклидаги “Болажон”, “Оила” каби иловаларнинг пайдо бўлиши ҳам яхши янгилик сифатида қаршиланди.
Кўп минг сонли муштарийларга тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган Бирлашган таҳририят жамоасини, газетанинг доимий фаол муаллифлари бўлган фидойи зиёлилар, ҳудудлардаги мухбир ва журналистларни мазкур сана билан қутлаймиз.
Жамиятимизда фикрлар хилма хиллиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, газета саҳифаларида тизим фаолиятининг тарғиботи орқали халқимизнинг ички ишлар органларига нисбатан ҳурматини юксалтириш борасидаги ғоят шарафли ва заҳматли фаолиятида таҳририят жамоасига ижодий фаоллик тилаймиз.Жамиятимизда фикрлар хилма хиллиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, газета саҳифаларида тизим фаолиятининг тарғиботи орқали халқимизнинг ички ишлар органларига нисбатан ҳурматини юксалтириш борасидаги ғоят шарафли ва заҳматли фаолиятда таҳририят жамоасига улкан муваффақиятлар ва ижодий фаоллик доимо ёр бўлишини тилаймиз.
Шербек Исломов,
ЎзА