Асоссиз реклама учун “SANNO TM OCEAN” МЧЖ жавобгарликка тортилди
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда турли маҳсулотлар, жумладан биологик фаол қўшимчаларнинг асоссиз ва қонун талабларига зид тарзда реклама қилинаётгани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар аҳоли саломатлигига нисбатан нотўғри тасаввур уйғотиб, истеъмолчини чалғитиши мумкин.
Шу каби ҳолатлардан бири “AJR QORA-SEDANA” биологик фаол қўшимчаси рекламаларида аниқланди. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолар ва постларда мазкур маҳсулот турли касалликларни даволовчи восита сифатида талқин қилинган. Унинг ошқозон касалликлари, қандли диабет, инсульт ва инфаркт хавфини камайтириш, шунингдек, нафас йўллари касалликлари, йўтал ва шамоллашга қарши самарали экани ҳақида асосланмаган даъволар илгари сурилган.
Бундан ташқари, бир қатор таниқли шахслар иштирокидаги реклама орқали аҳолини маҳсулотнинг гўёки даволовчи хусусиятга эгалигига ишонтиришга уринишлар кузатилган.
Рақобат қўмитасининг сўрови асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан берилган хулосага кўра, маҳсулотнинг қўллаш йўриқномасида кўрсатилган маълумотлар ижтимоий тармоқлардаги рекламада келтирилган хусусиятларга мос келмаслиги аниқланган.
Маълумки, биологик фаол қўшимчалар инсон организмини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, бироқ улар даволаш хусусиятига эга эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, бундай маҳсулотлар реклама қилинганда уларни дори воситаси сифатида талқин қилиш, даволаниш мисолларини келтириш ёки фойдаланувчилар миннатдорлигини намойиш этиш қатъиян тақиқланади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан “SANNO TM OCEAN” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатма берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА