Асоссиз ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди
Сирдарё вилоятида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш берувчилар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида адлия органлари томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида бир фуқаро ўз иш жойига тикланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Д. Норжигитов “Мирзаобод туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасида фаолият юритиб келган бўлиб, у ишдан асоссиз бўшатилгани ҳамда дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этилгани юзасидан Сирдарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Мурожаат асосида ўтказилган ўрганишлар давомида ходим билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 5-қисмига асосан бекор қилингани маълум бўлди. Бироқ таҳлиллар мазкур қарор етарли ҳуқуқий асосларга эга эмаслигини кўрсатди.
Хусусан, ишдан бўшатиш жараёнида тиббиёт муассасаси хулосаси асос қилиб олинган бўлиб, унда фуқаронинг оғир меҳнат шароитида ишлашга яроқсизлиги қайд этилган. Аммо амалдаги қонунчилик талабларига кўра, бундай ҳолатларда фақат тиббий-ижтимоий меҳнат экспертиза комиссиясининг расмий хулосаси ҳуқуқий асос сифатида қабул қилиниши лозим экани белгиланган.
Шунингдек, иш берувчи томонидан фуқарони соғлиғига мос келувчи енгилроқ иш ўринларига ўтказиш бўйича амалий чоралар кўрилмагани, қолаверса, унинг 3-гуруҳ ногиронлиги мавжудлиги ҳам эътибордан четда қолдирилгани аниқланди. Бу ҳолат меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилишига олиб келган.
Адлия органлари томонидан ўрганиш якунларига кўра, иш берувчига нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилди ҳамда фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Натижада фуқаро Д. Норжигитов ўзининг аввалги иш жойига тикланди. Шу билан бирга, унинг меҳнат ҳуқуқлари тўлиқ тикланиб, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири