Асосий мезон — мурожаатларнинг ижобий ечим топиши
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўз вақтида ўрганиш, мурожаатларига амалий ечим топиш бугунги ёшлар сиёсатидаги устувор вазифалардан биридир. Президент ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ёшлар куни» этиб белгилангани ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳар бир масала бўйича аниқ ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам «Пайшанба — Ёшлар куни» доирасида ёшлар мурожаатлари билан ишлаш тизимли йўлга қўйилмоқда. Вилоят Ёшлар марказида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов масъул раҳбарлар иштирокида ҳафта давомида ёшлардан келиб тушган мурожаатлар ижросини танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқди.

Учрашувда ҳар бир мурожаатнинг ижроси алоҳида таҳлил қилиниб, белгиланган муддатларда масалани ҳал этишда сусткашликка йўл қўйган масъулларга танқидий муносабат билдирилди. Хусусан, 8 нафар ёшнинг мурожаатини ўз вақтида ҳал этмаган 8 нафар раҳбарга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди. Шунингдек, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича берилган топшириқлар ижросида сусткашликка йўл қўйган 21 нафар ҳудудий ташкилот раҳбари ҳам танқид қилинди.

Масалага муносабат аниқ: ҳар бир ёшнинг мурожаатини қабул қилишнинг ўзи етарли эмас, асосий мезон — унинг амалда ижобий ечим топишидир. Шу боис масъулларга мурожаатлар ижросини чўзмаслик, ҳар бир масала ортида инсон тақдири ва манфаати турганини инобатга олган ҳолда иш юритиш, шахсий масъулият ҳамда ижро интизомини янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

— «Пайшанба — Ёшлар куни»нинг асосий мақсади ёшларнинг мурожаатларини эшитиш билан чекланиб қолмасдан, уларни қийнаётган масалаларга аниқ ва амалий ечим топишдан иборат. Бугунги учрашувда ҳафта давомида келиб тушган мурожаатлар ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилиб, белгиланган муддатларда ҳал этилмаган масалалар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди. Шунингдек, хорижда бўлиб турган сирдарёлик ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Россия, АҚШ, Германия, Англия, Туркия, Жанубий Корея, Гонконг, Қозоғистон каби давлатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшлар ўзларини қизиқтираётган масалаларни бевосита билдириш имконига эга бўлишди. Ишсизлик, кадастр, кредит олиш каби йўналишларда билдирилган мурожаатлар бўйича масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.
Бугун ёшлар билан ишлашда энг муҳим мезон — мурожаатлар сони эмас, уларнинг натижадорлигидир. Ҳар бир мурожаат эътибор ва назоратда бўлиши, ҳар бир ёш ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак. Бу борада «Пайшанба — Ёшлар куни» тизими ёшлар билан очиқ ва манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим механизмга айланмоқда, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев.


Шу куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов хорижда бўлиб турган сирдарёлик ёшлар билан ҳам онлайн мулоқот ўтказди. Айни пайтда 3 минг нафардан зиёд сирдарёлик ёш меҳнат, таълим ва бошқа мақсадларда хорижда бўлиб турибди. Мулоқотда Россия, АҚШ, Германия, Англия, Туркия, Жанубий Корея, Гонконг ва Қозоғистондаги ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилди.


Уларнинг ишсизлик, кадастр, кредит олиш каби масалаларга оид мурожаатлари тегишли масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Демак, «Пайшанба — Ёшлар куни» оддий учрашув ёки мурожаатларни кўриб чиқиш куни эмас. У ёшларни эшитиш, муаммосини аниқлаш, масъулни белгилаш ва энг муҳими, натижага эришишга қаратилган амалий тизимдир. Бу жараёнда асосий мезон — ўтказилган учрашувлар сони эмас, балки ҳар бир мурожаат ортида турган ёшнинг муаммоси қанчалик ҳал этилганидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири