АҚШ разведка раҳбари Москвада: сирли ташриф ортида қандай мақсад бор?(+видео)
Сешанба куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф кутилмаган ташриф билан Москвага борди. Кремль буни махсус хизматлар ўртасидаги алоқалар билан изоҳлаган бўлса, АҚШ президенти эса ташриф асосан Украина масаласидаги музокаралар билан боғлиқ бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда ВВС нашри хабар берди.
Журналистлар АҚШ разведка идораси раҳбари Жон Рэтклиффнинг Москвага боришидан мақсад нима бўлгани ҳақида турли тахминларни илгари сурмоқда. Улар орасида Вашингтоннинг Россияга огоҳлантириши, маҳбусларни алмашиш ва Россияни Эрон билан музокараларга жалб қилиш каби тахминлар бор.
Бу АҚШ разведкаси раҳбарининг Россия пойтахтига илк ташрифи ҳисобланади. Бунгача разведка идорасининг собиқ директори Уильям Бёрнс 2021 йил ноябрь ойида Путин билан учрашган эди. Бу учрашув Россия президенти Украинага кенг кўламли босқин бошлашидан тахминан уч ой олдин бўлган.
Чоршанба куни эрталаб Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ разведкаси раҳбари Москвага келганини тасдиқлади ва Washington Post газетасига Рэтклифф Россияга махсус хизматлар ўртасидаги ўзаро алоқалар юзасидан келганини билдирди.
ОАВларда энг кўп тилга олинаётган тахминлардан бири эса Вашингтон можаронинг янада кучайиб кетишининг олдини олишга уриняпти. Масалан, Россиянинг НАТОга нисбатан эҳтимолий режалари ҳақида хавотирлар бор.
Шунингдек, Рэтклифф Путинни огоҳлантириш учун Москвага борган деган тахминни Wall Street Journal ҳам илгари сурди. Газета маълумотига кўра, АҚШ разведкаси Россия сафарбарликка тайёргарликнинг дастлабки босқичида экани ва НАТО давлатларидан бирига қарши иғво уюштириб, альянснинг қатъиятини синаб кўриши мумкинлиги ҳақида маълумот олган.
Рэтклиффнинг эълон қилинмаган ташрифи сабабларидан яна бири, АҚШ Россияни Эрон билан музокараларга жалб қилишга уринаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин. Бундан ташқари Марказий рахведка бошқармаси директори Кремлнинг Эронга кўрсатаётган ёрдам масаласини ҳам кўтарган бўлиши мумкин. Чунки, бу кутилмаган сафар Вашингтон Теҳрон билан савдо қилаётган давлатларга қарши санкциялар жорий этаётган бир пайтда содир бўлмоқда.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/OU5T-uD2Ves" title="AQSH Markaziy razvedka boshqarmasi rahbari nega Moskvaga bordi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА