АПЛ: Абдуқодир Ҳусанов жамоаси пешқадамга айланди
Англия Премьер-лигаси янги мавсумда пешқадамлар сафидаги шиддатли кураш, қуйи ўринлардаги интилишлар навбатдаги турда янада авж олади.
Англия Премьер-лигасида янги мавсумнинг дастлабки икки тури якунлангач, жадвалда қизиқарли ҳолат юзага келди. Тўртта жамоа икки учрашувнинг ҳар иккисида ҳам ғалаба қозониб, 6 очкодан жамғарди.
Айни пайтда «Манчестер Сити» 6 очко билан Премьер-лига пешқадамлари сафида бормоқда. Манчестерликлар дастлабки икки турда ҳам ғалаба қозониб, мавсумни ишончли бошлади. Жамоа сафидаги ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов эса янги мавсумни асосий таркиб футболчиси сифатида бошлаб, ҳимоядаги ишончли ўйини билан эътиборни тортмоқда.
Пешқадамлар сафида «Арсенал», «Халл Сити» ва «Челси» ҳам 6 очкодан жамғарган. Уларнинг ортидан «Брентфорд», «Ньюкасл Юнайтед», «Эвертон» ва «Лидс Юнайтед» 4 очкодан билан жой олган. «Брайтон», «Манчестер Юнайтед», «Сандерленд» ва «Ипсвич Таун» ҳисобида эса 3 очкодан бор.

«Ливерпуль» дастлабки икки турда 2 очко тўплаб, жадвалнинг 13-ўрнидан жой олган. Қуйи ўринларда «Борнмут» ва «Ноттингем Форест» 1 очкодан жамғарган бўлса, «Фулхэм», «Ковентри Сити», «Кристал Пэлас», «Тоттенхэм Хотспур» ҳамда «Астон Вилла» ҳозирча очко тўплай олмаган.
Премьер-лиганинг 3-тур учрашувлари 4–6 сентябрь кунлари ўтказилади. Турнинг биринчи баҳси 4 сентябрь куни «Ипсвич Таун» ва «Ливерпуль» ўртасида бўлиб ўтади. Меҳмонлар мазкур учрашувда ғалаба қозониб, жадвалдаги мавқеини яхшилашга ҳаракат қилади.
5 сентябрь куни «Ньюкасл Юнайтед» – «Борнмут», «Фулхэм» – «Кристал Пэлас», «Брайтон энд Хоув Альбион» – «Лидс Юнайтед», «Ноттингем Форест» – «Тоттенхэм Хотспур» ва «Брентфорд» – «Сандерленд» учрашувлари бўлиб ўтади.
Шу куни турнинг эътиборли баҳсларидан бири Манчестерда ўтказилади. 6 очко билан пешқадамлар сафида бораётган «Манчестер Сити» ўз майдонида «Ковентри Сити»ни қабул қилади. Абдуқодир Ҳусанов тўп тепаётган манчестерликлар жамоаси ушбу баҳсда ҳам ғалаба қозониб, чемпионатдаги юришини муваффақиятли давом эттиришни мақсад қилган.Яна бир пешқадам «Халл Сити» ҳам 5 сентябрь куни ўз майдонида «Астон Вилла» билан куч синашади.

6 сентябрь куни «Эвертон» – «Манчестер Юнайтед» учрашуви бўлиб ўтади. Турнинг марказий баҳси эса Лондонда ўтказилади. «Арсенал» ўз майдонида «Челси»га қарши майдонга тушади. Ҳар икки жамоа ҳам дастлабки икки турда 6 очкодан жамғарган. Шу боис ушбу учрашувдаги натижа чемпионат пешқадамлиги учун курашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу тариқа, мавсумнинг якунига етган икки туридаёқ жадвалнинг юқори қисмида кескин рақобат юзага келган. 3-турдаги учрашувлар эса пешқадамлар сафидаги вазиятни янада ўзгартириши, жамоаларнинг чемпионлик учун курашига янги мазмун олиб кириши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА