Антарктиданинг “Қон шаршара”си: миллион йиллик кашфиёт
Антарктида музи остида яширинган сирлар инсониятни ҳайратга солишда давом этмоқда. Дунё олимлари томонидан машҳур “Қон шаршараси” – “Blood Falls” яқинида олиб борилган тадқиқот давомида қадимги денгиз муҳити билан боғлиқ микроскопик ҳаёт изи аниқланди. Ушбу кашфиёт қитъанинг геологик ўтмиши ва Ердаги ҳаёт ўта оғир шароитда қандай сақланиб қолиши ҳақидаги тасаввурни янада бойитиши мумкин.
Антарктидадаги Тейлор музлиги бағрида жойлашган “Қон шаршараси” қизил тусли суви билан дунё олимлари эътиборини йиллар давомида ўзига жалб қилиб келади. Алвон ранг темирга бой шўр сув билан ҳаво бирикиши натижасида ҳосил бўлади.
АҚШ “California San Diego University” қошидаги “Scripps Oceanography Institute” олимлари музлик атрофидаги турли муҳитдан йиғилган жами 167 намунани РНК таҳлили ёрдамида ўрганишди. Бундай усул митти таначалар нафақат мавжудлиги, балки фаол ҳаёт кечираётганини ҳам аниқлаш имконини берди.
Изланиш чоғи денгиз ҳаётига хос микроскопик эукариот организмларнинг молекуляр изи топилди. Демак, миллион йиллар муқаддам сув шу ҳудудга кириб келиб, кейинчалик музлик остида қамалиб қолгани ҳақидаги илмий тахмин янада мустаҳкамланди.
Мутахассислар ҳозирча бу хулосани якуний эмас, балки кучли илмий далил сифатида баҳоламоқда. Кейинги тадқиқотлар ушбу ноёб экотизимнинг келиб чиқиши ва эволюцияси ҳақида янада аниқ маълумот бериши кутиляпти.

Мутахассислар фикрича, мазкур кашфиёт нафақат музли қитъанинг геологик тарихини ўрганиш, балки экстремал муҳитда ҳаёт қандай сақланиб қолишини англашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келажакда Марс ёки Юпитер йўлдоши Европа каби муз билан қопланган самовий манзилларда ҳаёт излаш бўйича изланиш учун ҳам янги илмий йўналиш очиши мумкин.
Мазкур тажриба натижаси халқаро “Nature Geoscience” илмий журналида эълон қилинди. Умуман, бу янги маълумот Антарктиданинг ҳали очилмаган сири кўплигини яна бир бор исботлади.
Нодира Кайимова, ЎзА