Франция “телефон орқали бизнес”га йирик жарима жорий қилди
Францияда 12 августдан бошлаб компаниялар фуқароларга уларнинг олдиндан розилигисиз реклама ёки савдо таклифи билан қўнғироқ қилиши тақиқланади. Янги қонун йиллар давомида аҳоли томонидан энг кўп шикоят тушган, кўпчиликни безовта қилувчи “cold calling - совуқ қўнғироқ” амалиётига чек қўйишга қаратилган. Энди компания истеъмолчининг аниқ розилигини олмаган бўлса, унга телефон орқали тижорий таклиф билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Кўзланган асосий мақсад – фуқароларни ноқонуний савдо ва фирибгарлик ҳолатидан ҳимоя қилиш.
Янги тартибга кўра, фақат икки ҳолатдагина қўнғироқ қилиш мумкин: мижоз аввалдан розилик берганда ва қўнғироқ амалдаги шартнома билан боғлиқ бўлса. Ҳукумат маълумотига кўра, аҳолининг тўртдан уч қисми ҳар ҳафта камида бир марта шундай қўнғироқ қабул қилади. Кўпчилик эса бундай мурожаатга деярли ҳар куни дуч келади.
Қонун талабини бузганлар учун жарима белгиланган. Жисмоний шахс ҳар бир қоидабузарлик учун 75 000 евро, компаниялар эса 375 000 еврогача тўлаши мумкин. Шу вақтгача мобил рақам орқали қўнғироқ қилиш вақтига чеклов каби қатор чоралар жорий этилган, аммо кутилган натижани бермаган. Янги қонун деярли барча соҳаларни қамраб олади.
Франциядаги бу қарор Марокашда ҳам хавотир уйғотди, чунки мамлакатдаги “call center” хизмати асосий буюртмачилари француз компаниялари ҳисобланади. Расмийлар фикрича, янги қонун 50 000 гача иш ўрнига таъсир қилиши мумкин.
Айни пайт Германия ва Нидерландияда ҳам шунга ўхшаш чеклов амал қилади. АҚШ, Канада ва Буюк Британия эса истеъмолчиларни кераксиз қўнғироқдан ҳимоя қилиш учун махсус "Do Not Call" тизимидан фойдаланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА