Анталияда йўқолиб кетиш хавфи остидаги денгиз тошбақалари муҳофаза қилинмоқда
Туркиянинг Анталия вилоятидаги Белек, Қизилот, Кунду ва Лара соҳилларида жорий йилда денгиз тошбақаларининг 4 минг 400 та уяси аниқланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу уялардан чиққан 200 мингга яқин "Caretta" турига мансуб денгиз тошбақаси боласи Ўрта ер денгизи сувларига етиб борган.
Маълумки, Белек, Қизилот, Лара ва Кунду соҳиллари Ўрта ер денгизи ҳавзасида денгиз тошбақалари тухум қўядиган муҳим ҳудудлардан ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили тошбақаларнинг кўпайиши ва уяларнинг сақланиши мутахассислар томонидан назорат қилинади.
Ўлкадаги Ҳожатепа университети ҳамда Экологик тадқиқотлар уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Денгиз тошбақаларини кузатиш ва муҳофаза қилиш» лойиҳаси доирасида жорий йил май ойидан бошлаб соҳилларда мунтазам кузатув ишлари олиб борилди.
Университет олимлари, биологлар ва кўнгиллилар ҳар куни тонг саҳардан соҳилларни кўздан кечириб, тошбақаларнинг тухум қўйиш жараёни, уялар ҳолати ҳамда болаларининг тухумдан чиқишини назорат қилди.
– Соҳиллардаги фаолиятимизни май ойининг бошида бошладик, - дейди биолог Фотиҳ Пўлат. - Июль ойининг ўрталарига қадар вояга етган денгиз тошбақаларининг соҳилга чиқиши ва тухум қўйиш жараёнларини кузатдик. Аниқланган ҳар бир уяни рўйхатга олиб, махсус рақам билан белгиладик. Шунингдек, уларнинг жойлашувини GPS технологияси ёрдамида қайд этиб, муҳофаза чораларини кўрдик.
Мутахассиснинг таъкидлашича, кузатувлар фақат уяларни аниқлаш билан чекланмаган. Тухумдан чиқиш даври якунланганидан сўнг уялар белгиланган тартибда текширилиб, тухум пўчоқлари ва бошқа биологик кўрсаткичлар асосида тошбақа болаларининг сони ҳисоблаб чиқилган. Тўпланган маълумотлар махсус ҳисоботларга киритилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилган.
Олимларнинг қайд этишича, денгизга етиб борган ҳар мингта тошбақа боласидан атиги бир ёки иккитаси вояга етади. Шу боис уларнинг табиий яшаш муҳитини муҳофаза қилиш турнинг келажаги учун ниҳоятда муҳим.
Фотиҳ Пўлат жорий йилда соҳилларда инсон фаолияти билан боғлиқ бир қатор салбий ҳолатлар кузатилганини ҳам маълум қилди. Хусусан, айрим уяларнинг одамлар томонидан қазиб очилиши, соҳилларга транспорт воситаларининг кириши ва сунъий ёритиш тошбақалар ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда.
Шунингдек, бу йил ҳаво ҳарорати нисбатан паст бўлгани сабабли айрим тошбақаларнинг тухум қўйиш жараёни кечиккан. Муҳофаза тадбирларида саккиз мамлакатдан келган 45 нафар хорижлик кўнгиллилар ҳам иштирок этди.
А.Маматов, ЎзА