Анимация санъатининг устаси
Президентимизнинг "Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига кўра мамлакатимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятни бойитиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Миллий анимация соҳасининг ҳақиқий билимдони ва заҳматкаши, ёшлардан билими, меҳри ва эътиборини аямайдиган жонкуяр устоз, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг театр безаги рангтасвири кафедраси доценти Мавзур Маҳмудов “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми” фахрий унвонига сазовор бўлди.
Мультипликация (анимация) – бу кўплаб статик (қотиб қолган) расмлар ёки объектларни кетма-кет, кадрма-кадр суратга олиш орқали ҳаракат иллюзиясини яратиш санъатидир. Бу техника нафақат кўнгилочар соҳа, балки таълим, фан ва тарбияда ҳам муҳим роль ўйнайди. Таъкидлаш жоизки, бадиий фильмдан кўра мультипликацион фильмни яратиш жуда ҳам мураккаб ва сермашаққат жараёндир. Чунки бу санъат рассоми ҳам режиссёр, ҳам актёр, ҳам тасвирни жонлантирувчи, образ устаси бўлиши лозим. Шу билан бирга овоз, мусиқа , тасвир, ранг гармониясини яхши ҳис этиши даркор.
Мавзур Маҳмудов ўзбек анимациясида бадиий анъаналарни замонавий мазмун билан бойитиб, янги давр анимациясини яратган истеъдодли рассом, режиссёр, сценарийнавсдир. Оддий чизма рассомдан анимация санъатининг устаси даражасигача кўтарилган, турли услуб ва технологияларда яратган асарлари ўзининг юксак профессионализми билан ажралиб туради. Рассом ўзбек мултипликациясининг анъанавий ва замонавий технология даврида энг кўзга кўринган, соҳани ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, машаққатли жараёнда тинмай меҳнат қилган ва томошабинларга манзур бўлган кўплаб мултипликацион асарлар муаллифидир.
Мавзур Маҳмудов 1947 йилнинг 17 июнь куни Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1961 йили мактабни битириб, авиация техникумида, сўнгра Тошкент давлат педагогика институтининг рассомчилик факультетида таҳсил олади.
Мультипликацияга бўлган қизиқиши уни Бутуниттифоқ давлат кинематография институтига етаклайди. Бу даргоҳда у мўъжаз санъат сирларини ўрганди. Бўлажак рассом жудаям зийрак, тиришқоқ ва соҳанинг энг тажрибали мутахассисларидан таълим олди.

Институтни битириб, “Ўзбекфильм” қошидаги “Мультбирлашма”да режиссёр ва постановкачи рассом бўлиб ишлади. Илк ижодий иши – “Лочин ва Юлдуз ҳақида баллада” картинасидаёқ унинг истеъдоди ўз тасдиғини топди. Яъни, у бу фильмда шарқона поэтикани нафис чизгиларда бетакрор ифодалаб, ўзбек анимацияси экранига миниатюра намуналарини олиб кирди.
Рассом деярли барча давлатлар мультипликаторлари ва уларнинг ижоди билан таниш бўлиб, дунё мультипликациясида ўз ўрнига эга бўлиш учун ижодда асосий эътиборни миллийликни ривожлантиришга қаратди. Уни биргина усул ёки жанрда ижод қилиш қониқтирмади, турли технологияларда асарлар яратишга интилди. Технологияларга қизиқиши эса перекладкали технологияни ўрганишига сабаб бўлди. Бу қизиқиш фильмларда ранг-барангликни бойитиб, мураккаб воситалар, яъни калька, селлулоид каби ашёлар билан ишлашда ижодкорнинг тажрибасини янада орттирди. Шу зайлда у ўзбек анимациясида биринчи яратилган перекладкали фильм – “Хўжа Насриддин” фильми муаллифига айланди. Рассом бу технологияни олиб кириш орқали ўтган асрнинг 80-йиллари бошидаги муаммони ҳал этишга муносиб ҳисса қўшди. Бу ўзбек анимацион киносининг тасвирий ифодаси, унинг стилистикасини ривожлантиришга катта туртки берди.

2000 йилларда ўзбек мультипликациясида компьютер графикаси ривожлана бошлайди. Бу технологияда анимация яратишнинг кенг имкони мажуд бўлгани боис сермеҳнат бадиий жараёнда технологияни ўзгартиришга бел боғлади. Янги технологиянинг имкониятидан фойдаланган ҳолда рассом биринчи навбатда фильмнинг тасвирий ечимини топишга асосий эътибор қаратди. Натижада ўзбек мультипликациясида 3 D технологиясидаги илк фильм Мавзур Маҳмудов режиссёрлигида яратилди.
Рассом мана шундай тинимсиз меҳнати, изланишларга бой ижодий фаолияти билан соҳани ривожлантиришда фаол иштирок этиб, 40 дан ортиқ анимацион фильмлар яратди.

Қачонлардир дастгоҳли рангтасвирда, ўз таъбири билан айтганда “ҳеч эскирмайдиган” катта полотнолар яратишни орзу қилган рассом тақдирнинг тақозоси билан санъатнинг қисқа тури анимацияда жаҳонга танилди. Унинг чуқур ижодий изланиши натижасида яратилган анимацион киноасарларидан “Бахтли шаҳзода” (1992) Ўзбекистон киноарбоблари уюшмасининг “Грифон” мукофотини, “Бильярд тарихи” (1989) қўғирчоқ фильми Анқара шаҳрида бўлиб ўтган 5-Халқаро кинофестивалида “Энг яхши қўғирчоқ фильм” номинациясини, “Булбул” (1999) анимацион фильми Москвада бўлиб ўтган болалар анимацион киноси Халқаро кинофестивалида биринчи мукофот – “Олтин балиқча” совринини қўлга киритган, “Сусамбил” мусиқали фильми Москва Халқаро кинофестивалида “Энг яхши мусиқали фильм” номинациясига муносиб топилган, “Қуёш юрти полвони” (2019) анимацион фильми Ҳиндистон 11-Халқаро болалар фильмлари фестивалининг махсус соврини билан тақдирланган.
Истеъдоднинг чегараси бўлмаганидек, рассом ижодидан катта полотнолар ҳам ўрин олган. Мавзур Маҳмудов анимация санъатидан ташқари портрет, манзара ва тарихий мавзуларда ҳам сермаҳсул ижод қилди. Унинг “Болалик”, “Натюрморт”, “Онам портрети”, “Мойчечаклар”, “Бувимникида меҳмонда”, “Оқ натюрморт” каби турли жанрлардаги асарлари халқаро кўргазмаларда намойиш этилган.
Рассомнинг бу сермашаққат соҳадаги меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланди.
Мавзур Маҳмудов асосий меҳнат фаолияти билан бир қаторда Театр рассомчилик институтида талабаларга дарс бериб, соҳада бир қатор иқтидорли ижодкорларни кашф этди.
Қаҳрамонимиз ҳозирги кунда ҳам педагогик фаолиятини давом эттириб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ёш авлодга билим бериб келмоқда.
Гулшод АЗИМОВА,
ЎзА шарҳловчиси