Андижонлик 255 нафар фуқаро Беларусда иш бошлайди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Беларусь Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Андижон вилоятидан йўлга чиққан 255 нафар фуқаро белгиланган манзилга етиб борди. Уларни Витебск аэропортида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация ҳамда Витебск вилояти ижроия қўмитаси масъуллари кутиб олди.
Мазкур ташаббус Андижон вилояти делегациясининг Беларусь Республикасига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси бўлди. Учрашув ва музокараларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик билан бир қаторда меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, аниқ келишувларга эришилди.
[gallery-30386]
Келишувларга мувофиқ, фуқаролар Беларусда муносиб меҳнат шароитлари, юқори иш ҳақи ва ижтимоий кафолатлар асосида иш билан таъминланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш, оилалар фаровонлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА