Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди
Андижон шаҳар 2-сон туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келди. Бу хушхабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Андижон шаҳридаги "Қайрағочтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наргиза Бекжонова жорий йилнинг 6 июль куни кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинган эди. Унда муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти ўтказилди.
Туғуруқ жараёни малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар томонидан муваффақиятли бажарилди.
Чақалоқларнинг кўрсаткичлари қуйидагича:
Биринчи чақалоқ: қиз, вазни 1450 гр;
Иккинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1605 гр;
Учинчи чақалоқ: қиз, вазни 1495 гр;
Тўртинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1585 гр;
Бешинчи чақалоқ: қиз, вазни 1205 гр.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилди.
Айни пайтда 5 нафар эгизак ва уларнинг онаси малакали тиббиёт ходимлари назоратида, аҳволлари яхши.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам ушбу тиббиёт муассасасида 4 нафар эгизак дунёга келган эди.
М.Қосимова, ЎзА