Қандай ҳолатларда давлат божи тўлиқ ёки қисман қайтарилади?
Аввал хабар берганимиздек, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Аввал хабар берганимиздек, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ, давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак:
1) давлат божи қонун ҳужжатларида талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланганида;
2) суд даъво аризасини (аризани, шикоятни) қайтарганда ёки қабул қилишни рад этганда, шунингдек давлат нотариал идоралари нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этганда;
3) апелляция, кассация ва назорат шикояти қайтарилганда ёки уни қабул қилиш рад этилганда;
4) давлат божи тўланган даъво аризаси (ариза, шикоят)
ёки апелляция, кассация ва назорат шикояти судга келиб тушмаганда;
5) агар иш судга тааллуқли бўлмаса, ишни юритиш тугатилганда;
6) ариза кўрмасдан қолдирилганда, агар у муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;
7) суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда;
8) агар тарафлар ўртасида низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда;
9) агар тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда;
10) ишда иштирок этган шахс вафот этганида, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;
11) даъвогар низони судга қадар ҳал этиш (эътироз билдириш) тартибига риоя этмаганда, агар бу ҳол қонунда ушбу тоифадаги низолар учун ёки тарафларнинг шартномасида назарда тутилган ҳамда бундай
ҳал этиш имконияти бой берилган бўлса;
12) вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотиннинг никоҳи
ўзаро розилик асосида бекор қилинганлигини қайд этиш учун давлат
божи тўланганда, агар эр-хотиннинг ярашиши ёки улардан бирининг судга келмаганлиги туфайли никоҳни бекор қилиш амалга оширилмаган бўлса;
13) агар ишда иштирок этаётган юридик шахс тугатилган бўлса;
14) суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилиш
рад этилганда;
15) Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига чет элга чиқиш ҳуқуқи учун ҳужжат бериш рад этилганда.
Давлат божи суммаларини қайтариш тўловчининг ёзма аризасига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорлари асосида амалга оширилади. Давлат божи суммасини қайтариш учун аризачи давлат божини ундирган тегишли давлат органига ёки ташкилотга мурожаат қилиши керак. Давлат божини ундирган давлат органи ёки ташкилотнинг раҳбари уни қайтариш қонунийлигини тасдиқлаган тақдирда, давлат органи ёки ташкилот ва давлат божининг бошқа олувчилари илгари ўз ҳисобварақларига ўтказилган давлат божи суммаларининг тегишли қисмларини тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан эътиборан беш кун ичида ёки суд ҳужжатлари асосида қайтаради. Ўз навбатида давлат органи ёки ташкилот қайтарилиши лозим бўлган, илгари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилган давлат божи суммасининг бир қисмини қайтариш тўғрисида давлат солиқ хизмати органига ёзма шаклда хабар юборади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадига ўтказилган давлат божини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан давлат органи ёки ташкилотнинг тегишли хабарномаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади. Давлат божини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда солиқ органи давлат божини тўловчига қайтаришни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Ғазначилигига қайтариш тўғрисида тегишли топшириқнома юборади.