Амир Темурнинг ҳарбий-стратегик маҳорати: элементар хусусиятлар (+видео)
Ким учундир енгилмас Турон хоқони, ким учундир эса буюк жангчи ва саркарда. Тарих саҳнасида Амир Темурга ҳамма ўзича таъриф берган. Лекин ўша таърифчиларнинг ҳеч бири ўзларининг қайдномаларига "Темур енгилди" деб ёзмаслар!
Юртимиз тарихида буюк саркарда сифатида ном қолдирган Амир Темур нафақат забардаст жангчи, балки ўз даврининг юксак ҳарбий стратегларидан бири бўлган. Унинг ҳарбий юришлари ва ғалабалари ортида пухта режалаштирилган тактика, инновацион ёндашув ва мукаммал ташкил этилган қўшин тизими мужассам эди. Манбаларда қайд этилишича, Соҳибқирон бирорта йирик жангда мағлубиятга учрамаган. Бу натижа эса унинг ҳарбий маҳорати, жанг майдонида тўғри қарор қабул қилиш салоҳияти билан изоҳланади. Шунингдек, Амир Темур қўшинида замонавий қуроллар ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Хусусан, Соҳибқирон лашкарида фойдаланилган “Раъд” деб номланган олов сочувчи қурол ўша давр учун инновацион ҳисобланган.
РАЪД
Раъд арабча “момақалдироқ” деган маънони англатади. Ушбу қурол нафақат душманга жисмоний зарар етказган, балки момоқалдироқ каби кучли портлаш овози орқали инсонни даҳшатга солар эди. XIV асрда қалъаларни бузиш учун палаҳмон тошларидан кенг фойдаланилар, олов сочувчи тўплар - эндигина Европада ихтиро қилинган ва ҳали урфга кирмаган бир даврда Соҳибқирон ўз лашкарига Туркиялик муҳандисларни келтиради ва Осиёда биринчи марта олов сочувчи тўп – Раъддан фойдаланди. Раъднинг қандай тайёрланиши Алишер Навоийнинг “Садди-Искандарий” достонида келтирилган. У думалоқ тўп шаклида тайёрланиб ичига дору (порох) тўлдирилган. Тўпнинг 2 та тешиги бўлади. Битта тешигига ёғга тўйинтирилган Фатила (плита) ўрнатилади ва ёқилади. Деворларни бузишда бу энг самарали усул эди. Чунки фатила ёниб порохга борганда у портлайди. Бу одатий палаҳмон тошидан кўра бир неча баробар кўпроқ талофат келтиради, -дейди филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев.
Шунингдек, аскарларнинг қурол-яроғлари ва ҳимоя воситалари ҳам мукаммал ишлаб чиқилган. Ҳар бир қурол жанг жараёнида максимал самарадорликни таъминлашга йўналтирилган бўлса, совутлар аскар ҳаракатига ҳалал бермаган ҳолда муҳим тана қисмларини ҳимоя қилган.

ҚУМБУЛ
Ҳарбий стратегия борасида эса Амир Темур мавжуд жанг усулларини янада такомиллаштирди. Анъанавий беш қисмли қўшин тизими (авангард, баронғор, жавонғор, қалб ва захира) билан бир қаторда, у қўшимча махсус бўлинмаларни жорий этди. Хусусан, “Қумбул” деб аталувчи тезкор отлиқ аскарлар гуруҳи душман ортига айланиб ўтиб, кутилмаган зарба бериш орқали жанг тақдирини ҳал этишда муҳим роль ўйнаган. Амир Темур бу усулни Тўхтамишхонга қарши илк жангда қўллаганида душман лашкари саросимада қолади ва тарқаб кетади. Тўхтамишхон эса жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлади. Ундан ташқари, Соҳибқирон жанг майдонини олдиндан ўрганиш, қуёш нури йўналишини ҳисобга олиш каби омилларга ҳам жиддий эътибор қаратган. Бу эса унинг ҳар бир жангни нафақат куч билан, балки чуқур таҳлил ва стратегик ёндашув асосида олиб борганини кўрсатади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xJ7mqitv1u0" title="Amir Temurning harbiy-strategik mahorati: elementar xususiyatlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Меҳрожиддин Умурзақов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА