Амир Темур мероси – Учинчи Ренессанс сари ишончли қадам
Самарқандда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги, халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тарихчи олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, ҳарбийлар иштирок этиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолияти, бой маънавий мероси, давлатчилик анъаналари ва уларнинг бугунги аҳамияти хусусида фикр юритди.
[gallery-28502]
– “Темур тузуклари” фақат тарихий манба эмас, балки давлатчилик ва жамият бошқарувининг мустаҳкам асосларини белгилаб берган бебаҳо асар, – деди анжуманда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Амир Темур адолатни энг олий мезон сифатида илгари суради ва раҳбар аввало халқ манфаатини устувор қўйиши кераклигини таъкидлайди. Шу билан бирга, асарда интизом, масъулият ва қатъият каби фазилатлар давлат барқарорлигининг асоси сифатида кўрсатилади. Бугун ҳам “Темур тузуклари” ғоят қимматли манба ҳисобланади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш жараёнида бу асардаги ғоялар биз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Анжуман давомида маърузачилар томонидан Амир Темур давридаги илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожи, ҳарбий жанг санъати ва усуллари, шунингдек, “Темур тузуклари” асарининг аҳамияти, учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашда Соҳибқироннинг тарихий меросини чуқур ўрганиш ва уни ёш авлод онгига сингдириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда халқаро Амир Темур жамоат фондининг Қозоғистондаги бўлими раҳбари Икром Хошимжонов Соҳибқирон қаерга қадами етса, бунёдкорлик ишларини амалга оширгани, жумладан, масжид ва мақбаралар, мадрасалар қурганини алоҳида таъкидлади.
– Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки илм-фан ҳомийси, маданият ва санъат жонкуяри сифатида ҳам тарихда қолган, – дейди И.Хошимжонов. – Жумладан, Соҳибқирон Қозоғистоннинг Сайрам вилоятида Аҳмад Яссавийнинг ота-онасига атаб мақбара қурдирган, кейинчалик Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий қадамжоси ҳамда Ўтрор шаҳрида Арслонбоб мақбара-мажмуаси бунёд этган. Ушбу масканлар ҳозиргача сақланиб қолиб, муқаддас зиёратгоҳ, сайёҳлар энг кўп келадиган манзилларга айланган. Бугунги кунда Қозоғистоннинг турли ҳудудларида Амир Темур номидаги темирйўл станцияси, қишлоқ, кўча, спорт муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда.
Анжуман якунида Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизони ва халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлимига илмий қўлланма ва бадиий китоблар жамланмаси топширилди.
Самарқанд вилояти мусиқали драма театри актёрлари томонидан буюк Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари