Амалий ечимлар муҳокама қилинди
Сирдарё туманида аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш ва фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилашга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва вилоят прокурори Савид Иматовлар иштирок этишиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолат билан бевосита танишишди.

Учрашув Сирдарё туманидаги “Ширин” маҳалласида бўлиб ўтди. Маҳалла ҳудудида жойлашган ижтимоий турар жойларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилинди, уларнинг кундалик турмуши, яратилган шарт-шароитлар, бандлик, тиббий хизмат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Маълумотларга кўра, “Ширин” маҳалласида 4 560 нафар аҳоли истиқомат қилади. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг аксар қисми банд бўлиб, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар самарасида ижобий натижаларга эришилган. Хусусан, 2025 йил бошида маҳаллада 105 та камбағал оила мавжуд бўлган бўлса, 2026 йил 1 январь ҳолатига келиб, уларнинг сони 58 тага камайган.
Учрашув давомида ижтимоий уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар тиббий хизматдан фойдаланиш, дори-дармон таъминоти, бандлик, даромад манбаини яратиш, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам масалалари юзасидан мурожаат қилишди.
Вилоят раҳбари ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Қонун устуворлиги, инсон қадри ва ижтимоий адолат тамойиллари асосида аҳолини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилиши қайд этилди.

– Турмуш ўртоғим Дилноза Маъмурова билан 10 йилдан бери шу ижтимоий уйда истиқомат қиламиз. Иккимиз ҳам 2-гуруҳ ногиронимиз, бир нафар фарзандимиз бор. Мен онкологик касаллик сабаб ойига икки марта Гулистон шаҳрига химиотерапия олиш учун бориб келаман. Олаётган нафақаларимиз дори-дармон ва йўл харажатларига баъзан етади, баъзан етишмайди. Шундай бўлса-да, давлат томонидан берилаётган ёрдамни ҳис қилиб турибмиз. Бугун вилоят раҳбарларининг ташрифи ва муаммоларимизни тинглагани биз учун катта қўллаб-қувватлаш бўлди, – дейди маҳалла аҳолиси вакили Маҳмуд Абдуллаев.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари ва вилоят прокурори “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғини биносида туман ва вилоятдан келган масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда аҳолининг мурожаатларини тизимли ҳал этиш, кам даромадли ва ишсиз аҳолини, айниқса ёшларни бандликка жалб этиш, даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА