Улар фақат нафақага кўз тикиб қолмаган
Самарқанд шаҳрида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Биз биргамиз!” шиори остида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят ногиронлар жамияти, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Ярмаркадан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнати ва истеъдодини кенг тарғиб қилиш, маҳсулотларини сотиш имкониятларини кенгайтириш, – дейди Самарқанд вилояти Ногиронлар жамияти раҳбари Дилмурод Пардаев. – Шу билан бирга имконияти чекланган шахслар фақат давлатнинг кўмагига қараб қолмай, ўзлари ҳам пешона тери билан меҳнат қилиб, турмушларини фаровон қилишга интилаётганларини кўрсатишни кўзда тутганмиз. Чунки жамиятимиз аъзоларининг деярли барчаси маълум бир касб-ҳунар билан шуғулланишади, шу орқали юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишади, ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишади.

– Имкониятим чекланган бўлса-да, бу иштиёқ ва шижоатим йўқ дегани эмас, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Умида Маҳмудова. – Барча нарсаларга ўзим, меҳнатим орқали эришишни хоҳлайман. Шунинг учун ёшлигимдан уйда турли пишириқлар тайёрлаб, дўконларга топширардим. Кейин ижтимоий тармоқлар орқали қўғирчоқ тўқишни ўргандим. Ўзим тўқиган қўғирчоқлар суратларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга қўйганимдан кейин уларни сотишни сўрашди ва бу иш билан жиддий шуғуллана бошладим. Ҳозир Самарқанд техника университетида ўқияпман ва қўғирчоқ тўқиб сотиш билан шуғулланаман, бу ҳунарни бошқаларга ҳам ўргатяпман.

Ярмарка иштирокчилари ногиронлиги бўлган кишилар томонидан тайёрланган ҳунармандлик маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмларини томоша қилиш билан бирга уларни харид қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири