“Алишер Навоийнинг асри ва насри” асари ўзбек тилида нашр этилди
Таниқли озарбайжонлик адабиётшунос олимa, ёзувчи, публицист, филология фанлари доктори ва профессор Алмазхоним Улви Биннатованинг “Алишер Навоийнинг асри ва насри” асари ўзбек тилида чоп этилди.
Истиқлол йилларида миллий адабиётимизнинг энг сара намуналарини жаҳонга тақдим этиш, сўз санъатимиз равнақига бебаҳо ҳисса қўшган буюк шоир боболаримизнинг бой меросини тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Шарқ адабиётининг забардаст тадқиқотчиси, профессор Алмаз Улви Биннатова Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш, адабий алоқаларимизни янада кенгайтириш ва равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ва заҳматкаш ижодкорлардан саналади. У Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг (ОМФА) Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида “Озарбайжон — Туркманистон — Ўзбекистон адабий алоқалари” бўлими мудири ва бош илмий ходими сифатида фаолият юритади. Олима қарийб 30 йилдан буён ўзбек адабиётини Озарбайжонда тадқиқ ва тарғиб қилиш билан шуғулланиб келмоқда.

Алмазхоним Улви Биннатова, айниқса, ҳазрат Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Профессор Алмаз Улви туркий халқлар, хусусан, ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари тарихини тизимли ўрганиб келаётган энг етакчи олимлардан биридир. Унинг илмий мероси 300 га яқин мақола ва кўплаб монографияларни ўз ичига олади.
Ижодкорнинг “Алишер Навоийнинг асри ва насри (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлари)” монографиясида ҳазрат Навоий бобомиз яшаган ижтимоий-маданий муҳит, буюк шоирнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси ва насрий асарларининг ўзига хос жиҳатлари бир бутун тарзда тадқиқ этилгани билан аҳамиятли.

“Алишер Навоийнинг асри ва насри (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлари)” китобида тарихий давр, ижтимоий-сиёсий муҳит манзараларининг тасвири адабий муҳит тасвири билан уйғун ифодаланган бўлиб, у шу жиҳати билан адабиётшуносликда ўзига хос ўрин тутади. Мазкур китоб дастлаб 2020 йилда Бокуда илк бор нашр этилди. Кейинчалик 2023 йилда қардош юртда қайта нашр этилди.
Навоий ҳазратлари ижодига меҳри тушган олима Алмазхоним Улви Биннатованинг ушбу катта тадқиқоти мукаммал илмий-академик услубда, равон ва мароқли ифода тарзида ёзилган. Асар катта ҳажмдаги илмий материални қамраб олгани, махсус ўрганилмаган адабий манбалар таҳлилига бағишлангани ва назарий хулосаларга бойлиги билан навоийшунослик фанининг кейинги ривожи учун хизмат қилади. Бу тадқиқот нафақат озарбайжонлик мутахассислар ва мухлислар, балки барча туркий тилли халқлар эътиборига тақдим этилиши мақсадга мувофиқ.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда илмий тадқиқотчи Озода Норимова томонидан ушбу қимматли асар ўзбек тилига таржима қилиниб, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, навоийшунос олима Дилором Салоҳий масъул муҳаррирлигида “Фан” нашриётида нашр этилиб, ўзбекистонлик ўқувчилар диққатига ҳавола этилиши айни муддао бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири