Ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Ўрта Чирчиқ туманида ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш мақсадида "Раҳбар ва ёшлар" очиқ мулоқоти ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Абдуғафур Аҳмедов, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, банк-молия муассасалари масъуллари ҳамда туман ва шаҳарлардан келган фаол ёшлар иштирок этди.
Очиқ мулоқотда ёшларнинг бизнес ғоялари, инновацион лойиҳалари ва ташаббуслари тақдимот қилинди. Иштирокчилар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа соҳаларга оид лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, иқтисодий самарадорлиги ва янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Тадбирда ёшлар ўз лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, жумладан, имтиёзли кредит олиш, давлат дастурлари доирасида қўллаб-қувватланиш, зарур маслаҳат ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан мурожаат қилди.
Мурожаатлар масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли вазифалар белгиланди. Лойиҳаларни молиялаштириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш масалалари бўйича мутасадди ташкилотлар билан манзилли иш олиб бориш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, тадбир доирасида ёшларнинг техник ишланмалари, стартаплари, ихтиро ва рационализаторлик ғояларидан иборат кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада саноат, робототехника, рақамли технологиялар, муҳандислик ва бошқа йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳалар намойиш этилди.

Очиқ мулоқотда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, тадбиркорлик ва бандлик масалаларида амалий ёрдам кўрсатиш бўйича белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
А. Мусаев, ЎзА