“Ala-Too Trade & Industry Expo 2026” халқаро кўргазмасида “Made in Uzbekistan” миллий стенди очилди
ШҲТга аъзо давлатлар вазирлари йиғилиши доирасида Бишкекда Ўзбекистоннинг саноат имкониятлари тақдим этилди. “Made in Uzbekistan” стенди халқаро бозор учун янги эшик очмоқда.
Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар саноат вазирларининг IV йиғилиши доирасида биринчи “Ala-Too Trade & Industry Expo 2026” халқаро кўргазмасида “Made in Uzbekistan” миллий стендининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси, Президент Администрацияси Раҳбари Адилбек Касималиев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва тижорат вазири Бакит Сидиков, шунингдек давлат органи ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Маросимда вазир Лазиз Қудратов меҳмонларни мамлакатимиз саноат, инвестициявий ва инновацион салоҳияти ҳамда маҳаллий корхоналарнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари билан яқиндан таништирди.
Мазкур кўргазма экспозицияда республикамиз технологик ривожланишининг бешта асосий йўналиши: электротехника тармоғи, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ва кимё саноати, қолаверса, “IT Park Uzbekistan”нинг кенг имкониятлари намойиш этилди. Кўргазмага қўйилган маҳсулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги миллий брендларни халқаро майдонда фаол илгари суриш ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш борасидаги тизимли ишларни изчил давом эттирмоқда. Бу каби тадбирларда иштирок этиш ҳам айни мақсадга хизмат қилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА