Марказий банк: 35 триллион сўмдан ортиқ маблағ кичик бизнесга йўналтирилди
Бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда тадбиркорлик салоҳияти тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Хусусан, микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар иқтисодий фаолликни рағбатлантиришнинг асосий омилларидан бирига айланди.
Давлат томонидан амалга оширилаётган имтиёзли кредит дастурлари, маҳаллабай ишлаш тизими ҳамда янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини янада кенгайтирмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида иқтисодиётга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 88,9 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоизга кўпдир.
Айниқса, микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи чорак давомида мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 35,1 триллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Бу эса 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 20,2 фоизлик ўсишни ташкил этди.
Тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари доирасида жами 7,9 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, маҳалла лойиҳалари учун 4 триллион 260 миллиард сўм ажратилди. Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури учун 1 триллион 331 миллиард сўм ажратилди. Оилавий тадбиркорлик дастури учун 1 триллион 253 миллиард сўм ажратилди. «Бизнесга биринчи қадам» дастури учун 1 триллион 149 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, маҳалла лойиҳалари доирасида ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ошган. Бу эса аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши, янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллий иқтисодий фаолликнинг кучайишига хизмат қилмоқда.
Мазкур рақамлар мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, кредит маблағларининг катта қисми маҳаллабай ишлаш тизими орқали аҳолининг ташаббусларини рўёбга чиқаришга йўналтирилаётгани давлатнинг инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган сиёсатини акс эттиради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА