"Аичи–Нагоя–2026": Ўзбекистон спортчилари янги марралар сари
Жорий йил 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида XX ёзги Осиё ўйинлари, 18–24 октябрь кунлари эса V Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Қитъанинг энг нуфузли спорт тадбирларидан саналган мазкур комплекс мусобақалар Ўзбекистон спортчилари учун янги марраларни забт этиш, халқаро майдондаги мавқени янада мустаҳкамлаш ва навбатдаги Олимпия циклидаги салоҳиятни намоён этиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон спорт делегацияларининг Аичи ва Нагояда ўтказиладиган XX Осиё ҳамда V Пара Осиё ўйинларидаги иштирокини қўллаб-қувватлашга бағишланган тантанали кузатув маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ҳамда кенг спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Маросимда мамлакатимиз шарафини Осиё ва Пара Осиё ўйинларида ҳимоя қиладиган спортчилар ва мураббийларнинг тайёргарлик жараёнларига бағишланган «Бизни қарши ол, Нагоя!» шиори остидаги видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда дзюдо бўйича «Париж–2024» ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Музаффарбек Тўрабоев, юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатлари совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби, терма жамоа бош мураббийи Рустам Ассакалов ҳамда «Париж–2024» Паралимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати мутлақ ғолиби, пара енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова сўзга чиқди.
Тантанали маросимнинг энг муҳим лаҳзаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг спорт делегацияси вакилларига топширилиши бўлди. Бош вазир Абдулла Арипов томонидан «Париж–2024» Олимпия ўйинлари совриндори, оғир атлетика бўйича уч карра жаҳон чемпиони Акбар Жўраев ҳамда пара велоспорт бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати мутлақ ғолиби Маржона Пардабоевага Давлат байроғи тантанали равишда топширилди.
Маросим давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, XX Осиё ўйинларида 45 та мамлакат ва ҳудуддан 11 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этади. 16 кун давом этадиган мусобақалар спортнинг 43 тури ва 71 та йўналиши бўйича ўтказилиб, 469 та баҳсда жами 1 минг 407 та медаль учун рақобат кечади.
Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси спортнинг 42 тури бўйича баҳсларга киради. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир. Миллий терма жамоаларимиз таркибида 396 нафар спортчи – 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Спортчиларимиз соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича Осиё ўйинларида илк бор иштирок этади. Шунингдек, мусобақалар давомида камондан отиш, чим устида хоккей, теннис, серфинг, триатлон ва сквош бўйича «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар учун баҳслар ҳам бўлиб ўтади.
Шу нуқтаи назардан, «Аичи–Нагоя–2026» мусобақалари Ўзбекистон спортчилари учун навбатдаги Олимпия циклидаги муҳим халқаро стартлардан бири ҳисобланади. Унда терма жамоаларимизнинг «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнини синовдан ўтказиш, спортчиларнинг бугунги салоҳиятини баҳолаш ва халқаро майдондаги мавқени янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият яратилади.
V Пара Осиё ўйинларида эса Ўзбекистон делегацияси спортнинг 11 турида 153 нафар спортчи билан иштирок этиши режалаштирилган. Улар орасида 79 нафар аёл ва 74 нафар эркак спортчи бор. Мазкур мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегацияси Пара Осиё ўйинлари тарихида илк бор пара қиличбозлик, бочча ва пара эшкак эшиш спорт турларида иштирок этади.
Бу галги Пара Осиё ўйинларининг яна бир муҳим жиҳати пара ўқ отиш бўйича «Лос-Анжелес–2028» Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензиялар ўйналишидир. Бу йўналишда биринчи ўринни эгаллаган спортчилар «Лос-Анжелес–2028» Паралимпиадаси йўлланмасига эга бўлади.
«Аичи–Нагоя–2026» Осиё ва Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни айни пайтда якуний босқичга кирган. Барча терма жамоалар тасдиқланган режа асосида тайёргарлик олиб бормоқда. Давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш доирасида спортчилар учун маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилмоқда, улар замонавий спорт инвентарлари ва зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда.
[gallery-31392]
Ўзбекистон спортчиларининг Осиё ўйинларидаги иштирокидан юксак натижалар кутилмоқда. Бунга сўнгги йилларда қитъа ва жаҳон миқёсида қайд этилаётган натижалар, спорт турлари қамровининг кенгайиб бораётгани ва терма жамоалар учун яратилган шарт-шароитлар асос бўлаётир.
Эслатиб ўтамиз, «Ханчжоу–2022» Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медалга сазовор бўлган эди. Мазкур натижа мамлакатимиз спортчилари учун Осиё ўйинлари тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ўша йилги Пара Осиё ўйинларида эса спортчиларимиз 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза, жами 79 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган.
Аичи ва Нагоядаги мусобақаларда спортчиларимиздан ана шу натижаларни янада яхшилаш, янги спорт турларида муносиб иштирок этиш ва юксак марраларни забт этиш кутилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lyH3bYwJDaY" title="Yunon - rim kurashi Farg’ona tatamisida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жавоҳир Тошхўжаев,
Тўлқин Рўзиев,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА