Аҳоли фаровонлиги — доимий эътиборда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятида ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова томонидан ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганиш, ижтимоий соҳадаги вазифалар ижросини таҳлил қилиш юзасидан депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Навбатдаги ўрганиш “М.Наршахий” боғида ўтказилиб, ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари, санитария ҳолати, инфратузилма ва аҳоли учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Жамоат масканларини доимий обод ва кўркам сақлаш, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун қулай дам олиш муҳитини яратиш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Ўрганишлар “Варахша” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам давом эттирилди. Бу ерда ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторининг фаолияти таҳлил қилинди.
[gallery-30849]
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини барвақт аниқлаш ва ечимини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллада аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларнинг олдини олиш бўйича масъулларнинг вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар саломатлигини асраш ва ижтимоий фаоллигини ошириш масалалари ўрганилди. Эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва манзиллилигига ҳам баҳо берилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ва замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш борасидаги ишлар ҳам депутатлик назорати доирасида кўриб чиқилди.
Учрашувларда фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, кўтарилган масалаларни жойида ҳал этиш чоралари белгиланди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар масъуллар зиммасига юклатилиб, депутатлик назоратига олинди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА