Аҳоли арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида аҳолини арзон ва сифатли гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида чорвачилик соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш ва соҳага инвестиция жалб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Туманда “Chortoq halol chorva” МЧЖ томонидан қарийб 3 миллиард сўм инвестиция ҳисобига замонавий чорвачилик мажмуаси барпо этилди.
Корхонада Россия, Беларусь, Хитой ва Доғистондан келтирилган «Симментал», «Ангус» ва «Герефорд» зотли наслдор ҳамда гўшт йўналишидаги қорамоллар парваришланмоқда.
[gallery-30787]
Мажмуа ҳудудида 100 тонна сиғимга эга замонавий совуткич омбори ҳамда аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилаётган қушхона ҳам фаолият юритмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг Чортоқ туманидаги ўрганишлари давомида мазкур чорвачилик комплекси фаолияти билан танишилди.
Вилоят ҳокими бундай лойиҳалар аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда гўшт маҳсулотлари нархлари барқарорлигини сақлаш, янги иш ўринлари яратиш ва чорвачиликни замонавий технологиялар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, наслдор чорва моллари бош сонини кўпайтириш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА