“АгроТарози” ахборот тизими: фермер меҳнатига муносиб баҳо беришдир
Пахта — даладан хирмонгача етиб келгунча меҳнат, масъулият ва аниқ ҳисобни талаб қиладиган неъмат. Уни қабул қилиш жараёнидаги ҳар бир килограмм нафақат статистик рақам, балки фермернинг машаққатли меҳнати ифодасидир. Шу боис пахта вазнини аниқ белгилаш, ҳисоб-китобни шаффоф юритиш ва инсон омилини минималлаштириш бугун аграр соҳадаги муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Жиззах вилоятига ишчи ташрифи давомида Шароф Рашидов туманидаги “Дафна ифори” масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластерида ўтказилган республика семинарида иштирок этди. Тадбирда пахта қабул қилиш масканларида “АгроТарози” ахборот тизимини жорий этиш, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва рақамли назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вазир бошчилигида ташкил этилган семинарда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ва масъуллари, барча вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг алоқадор тизим ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги пахта қабул қилиш масканлари раҳбарлари, “АгроТарози” тизимига масъул ходимлар, тарозибонлар ҳамда кластерлар вакиллари иштирок этди.

— Пахта қабул қилиш жараёнида ҳар бир рақам аниқ ва ишончли бўлиши керак. Бу, аввало, фермернинг меҳнатига бўлган ҳурмат ва адолатли ҳисоб-китобнинг асосидир. Рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириб, ҳар бир жараённи очиқ ва назорат қилинадиган тизимга айлантиришимиз зарур, — деди вазир.
Дарҳақиқат, даладан қабул қилиш масканигача бўлган ҳаракатда пахтанинг ҳар бир килограмми аниқ ҳисобда акс этиши лозим. Чунки тарозидаги кичик бир рақам ҳам якуний ҳисоб-китобга таъсир қилади. Демак, рақамларнинг аниқлиги фермер меҳнатига берилган холис баҳо, ҳисоб-китобнинг шаффофлиги эса соҳадаги ишончнинг муҳим мезонидир.
Шу нуқтаи назардан, “АгроТарози” ахборот тизимининг пахта қабул қилиш масканларида жорий этилиши янги рақамли имкониятларни ишга солмоқда. Тизим электрон тарозилар орқали пахта вазнини рақамли қайд этиш, маълумотларни электрон шакллантириш, ҳисоб-китоб жараёнларини автоматлаштириш ва уларни назорат қилиш имконини беради. Бу эса инсон омилини минималлаштириб, қабул жараёнини очиқ ва кузатиб бориш мумкин бўлган тизимга айлантиришга хизмат қилади.

Семинарда соҳа мутахассислари томонидан “АгроТарози” ахборот тизимидаги янгиликлар ва унинг амалий имкониятлари батафсил тушунтирилди. Хусусан, пахтани қабул қилишда тарози кўрсаткичларини рақамли қайд этиш, маълумотларни электрон шаклда шакллантириш, ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва маълумотларни назорат қилиш жараёнлари амалиётда намойиш этилди.

Айни жиҳатдан “АгроТарози”ни кенг жорий этиш фақат тарози кўрсаткичларини рақамга ўтказиш билан чекланмайди. У пахта қабул қилиш жараёнини рақамли ҳисоб-китоб, электрон маълумот ва назорат механизмлари билан бир занжирга боғлашни назарда тутади. Бундай ёндашув эса соҳада аниқлик, шаффофлик ва масъулиятни кучайтиради.
Бугун аграр соҳада рақамлаштириш жараёнларининг кенгайиб бораётгани ҳам мазкур ёндашувнинг стратегик аҳамиятини кўрсатмоқда. 2025 йилда “АгроМониторинг”, “АгроТарози”, “Ҳосил қабули”, “АгроДокс” ва “Е-urug‘” ахборот тизимлари кенг жорий қилинди. Хусусан, “АгроТарози” электрон тарозилар орқали пахта ва бошоқли дон етиштирувчиларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Жиззахда ўтказилган республика семинарида муҳокама қилинган масалаларнинг моҳияти шундаки, пахта қабул қилиш жараёнида ҳар бир килограммни аниқ ҳисобга олиш, ҳар бир маълумотни шаффоф шакллантириш ва инсон омилини имкон қадар камайтириш орқали фермер меҳнатига муносиб баҳо беришдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири