"Agro Ventures" шўъба хўжалик жамияти ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
а) Жаҳон банки билан ҳамкорликда - қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ҳолати таҳлил қилиниб, янги маҳсулотлар ва хизматлар рақамлаштирилади, самарали бизнес ёндашувлар жорий этилади;
б) Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда - бизнесни ривожлантириш, кредит рискларини бошқариш тизими мустаҳкамланади, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) талаблари амалиётга жорий этилади.
Агробанк томонидан қишлоқ хўжалигида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
а) Агробанк таъсисчилигида "Agro Ventures" шўъба хўжалик жамияти ташкил этилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги "Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-357-сон қарорига асосан ташкил қилинган "United Ventures" венчур компанияси устав капиталига Агробанк томонидан йўналтириладиган маблағлар доирасида 73 миллиард сўм "Agro Ventures" шўъба хўжалик жамияти устав капиталини шакллантиришга йўналтирилади;
б) шўъба хўжалик жамияти томонидан:
акселерация, инвестиция ва тижоратлаштириш жараёнларини йўлга қўйиш учун топ-50 талик рейтингга кирган хорижий венчур компаниялари билан ҳамкорлик дастурлари асосида алоқаларни йўлга қўйиш, хорижий эксперт ва менторларни жалб қилиш;
стартапларни молиялаштириш учун акселераторлик ва инкубатор дастурларини йўлга қўйиш, хакатонлар ўтказиш, қишлоқ хўжалигидаги стартаплар ҳамда инновацион ғоялар учун грант дастурларини жорий этиш;
ахборот технологиялари ҳамда техника йўналишидаги олий таълим муассасалари, илмий-текшириш институтлари ва хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорлик қилиш чоралари кўрилади.
Экин майдонлари тўғрисида космик, об-ҳаво, ўсимликлар ривожланиши ҳолати бўйича мониторинг маълумотларини марказлашган ҳолда таҳлил қилиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги мониторинг маркази ташкил қилинади.
Қарор билан Қишлоқ хўжалиги мониторинг марказига маълумотларни марказлашган ҳолда "big-data" технологиялари асосида тақдим қилишга масъул ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.
Агробанк зиммасига қишлоқ хўжалигида рақамли платформалар ва сунъий интеллектни кенг татбиқ қилиш бўйича қуйидаги вазифалар юклатилатилади:
а) қишлоқ хўжалигига оид маълумотларни марказлашган ҳолда "bigdata" технологиялари асосида тўплаш, қайта ишлаш, таҳлил қилишнинг техник ва дастурий инфратузилмасини ташкил қилиш;
б) мева-сабзавотчилик, чорвачиликда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича Жиззах вилоятида боғдорчилик, Сирдарё вилоятида чорвачилик мониторинги бўйича биттадан сунъий интеллектга асосланган пилот лойиҳаларни амалга ошириш;
в) қишлоқ хўжалиги корхоналарига банк-молия хизматлари, давлат хизматлари ва қишлоқ хўжалигида сунъий интеллектга асосланган "ақлли" ечимларга ихтисослашган илова (суперапп) яратиш;
г) қишлоқ хўжалик корхоналари бўйича "big-data" сунъий интеллект технологиялари асосида уларнинг рейтинг баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, банк хизматлари ва кредитлаш жараёни бўйича автоматлашган хулосалар бериш ечимларини татбиқ этиш.
2026-2029 йиллар давомида Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университетида:
а) Хитой Қишлоқ хўжалиги университети ва Шинжон қишлоқ хўжалиги университети билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади;
б) қишлоқ хўжалиги соҳасида нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг биринчи 100 талик руйхатига кирган олий таълим муассасалари билан бакалавриат, магистратура ва докторантура бўйича қўшма таълим дастурлари, қисқа муддатли хорижий ва маҳаллий малака ошириш курслари, стажировкалар ва тренинг дастурлари ташкил этилади.
ЎзА