АЭС қурилиши учун ягона техник ёндашув шакллантирилади
“Ўзатом” агентлигида атом энергетикаси соҳасида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштиришга бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Мутасаддилар ва соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда атом электр станцияси лойиҳасини амалга оширишда қўлланиладиган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор технология етказиб берувчи давлатнинг меъёрий-техник базасини Ўзбекистоннинг миллий стандартлаштириш тизими билан уйғунлаштиришга қаратилди. Бу эса АЭС қурилишида ягона техник ёндашувни таъминлаш, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда метрология инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, замонавий метрология лабораториясини ташкил этиш, ўлчовларнинг аниқлиги ва метрологик кузатувчанлигини таъминлаш, шунингдек, атом энергетикаси эҳтиёжлари учун ихтисослашган иккиламчи лабораторияларни барпо этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, “Росатом” давлат корпорациясида амал қилаётган сертификатлаштириш тизимини Ўзбекистонда босқичма-босқич жорий этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бу борада “Ўзатом” агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Стандартлар институти ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ва бошқалар атом энергетикаси соҳасида замонавий стандартлаштириш ва метрология тизимини ривожлантириш хавфсизлик ҳамда лойиҳаларни самарали амалга оширишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида томонлар белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва мамлакатда атом энергетикаси учун замонавий техник тартибга солиш, стандартлаштириш ҳамда метрология тизимини ривожлантириш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА