Адвокатларнинг суриштирув ва дастлабки тергов вақтидаги ваколатлари кучаймоқда
2023 йил 8 майда давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат мазмуни ва аҳамияти ҳақида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Мақсудали Бозоров қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Фармонга асосан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 142-моддаси талабларидан келиб чиқиб, жиноят процессида ҳимоячининг мақомини кучайтиришга қаратилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда.
Яъни, суриштирув ва дастлабки тергов вақтида ҳимоячи томонидан исталган вақтда жиноят ишини қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиши мумкинлиги белгиланмоқда. Кўрсатмаларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш учун адвокат судга тўғридан-тўғри илтимоснома киритиши мумкин.
Терговга қадар текширув ўтказилаётган шахсларга малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида терговга қадар текширув жараёнида ҳимоячи мақомида иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Иш бўйича шартнома асосида суд экспертизалари ўтказилишини ва зарур билимга эга мутахассислар жалб қилинишини ташкиллаштириш, жиноят иши бўйича маълумотларга эга шахсларни сўровдан ўтказишда уларнинг розилиги билан махсус техника воситаларидан фойдаланиш каби қатор қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда.
Адвокатларга мазкур ҳуқуқларнинг берилиши жиноят процессида уларнинг ҳуқуқларини кенгайтирган ҳолда жиноят судларида тортишув институти тамойилининг тўлақонли амалга ошишига йўл очади. Адвокатнинг ҳимояси остидаги шахсларни тўлиқ ҳимоя қилишига имкон беради. Ўз навбатида, шу орқали одил судловни таъминлаш даражаси ошади.
Айтиб ўтиш керакки, 2022 йилнинг 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, адвокатлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида яна бир қанча ҳуқуқларга эга бўлди.
Жумладан, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда (жиноят иши юритилувидан бошқа ҳолатларда) ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи шулар жумласидандир.
Бугунги кунда мазкур ҳуқуқларни (жиноят ишидан бошқа ҳолатларда) адвокатларга берилганлигига бир йил муддат бўлмаган бўлсада, бу ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Адвокат томонидан тайинланадиган суд экспертизанинг афзаллиги шундаки, бунда адвокат шахсан ҳал этилиши лозим деб топган саволларни экспертлар олдига қўйиш ва ушбу саволлар асосида хулоса олиш имкониятига эга бўлади.
Бу эса, судда, айнан жиноят судларида ҳам тортишув институти тамойили тўлақонли амалга ошиши ҳамда қўшимча далилларнинг кўпайиши орқали одил судловни таъминлашдек эзгу мақсад рўёбга чиқишига мустаҳкам замин яратади.
Н.Абдураимова, ЎзА