Адлия вазирлиги: биринчи чорак муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда вазирнинг биринчи ўринбосари Амангелди Пренов жорий йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.
Таъкидланганидек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан вазирлик, унинг шаҳар ва туман бўлимларига келиб тушган 2 минг 84 та мурожаатдан 1 минг 266 таси қаноатлантирилган. Судларга жами 542 миллион сўмдан ортиқ 309 та даъво ариза киритилган. Келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксариятини меҳнат, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, давлат хизматлари кўрсатиш ва фуқаролик ҳолати актларини ёзиш соҳаларига тегишли эканлиги аниқланган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 5 минг 61 ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича 286 та тақдимнома, 22 та огоҳнома киритилган. 169 та давлат органи ва ташкилотида ўрганишлар ўтказилган. Шундан 172 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган тақдимномаларга асосан фуқароларнинг 310 миллион сўм маблағи тўлаб берилган.
Вазирлик томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида янги қабул қилинган 277 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланган рўйхат бўйича республика ҳудудидаги 121 та давлат органи ва ташкилотига етказилди. Шаҳар ва туман адлия бўлимлари таркибида 17 та Юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу марказлар томонидан 20 та давлат идораси ва ташкилотига, 726 та давлат умумтаълим мактабига, 436 та давлат мактабгача таълим ташкилотига ҳамда 97 та кўп тармоқли марказлашган ва оилавий поликлиникага юридик хизмат кўрсатилмоқда.
Юридик хизмат кўрсатиш соҳасида ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида 67 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, 220 та адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтган.

Давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар томонидан ҳисобот даврида 1 минг 919 та қонунбузилиш ҳолати содир этилган. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида давлат органлари фаолиятида 5 та мониторинг ўтказилди. Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида 9 та тақдимнома киритилди. 90 нафар мансабдор шахс ва масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида республикада 17 та давлат хизматлари маркази ҳамда уларнинг олис ҳудудларда жойлашган 8 та филиали фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказлар томонидан жами 349 мингдан ортиқ давлат хизмати, шундан 166 мингдан зиёд хизмат онлайн тартибда кўрсатилди. Шунингдек, 4 минг 173 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Анжуман давомида Тошкент давлат юридик университети томонидан “Ўзбекистон - ягона Ватан, қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликларга қарши ёшлар - давлат келажаги” шиори остида Оролбўйида ўтказилаётган тарғибот поезди тадбири иштирокчилари, гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилаётган тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА