60 фоиз ғалабa: Замбия Ҳичилемага яна ишонч билдирди
Замбия президенти Ҳакайинде Ҳичилема сайловда 60 фоиз овоз тўплаб, иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланди. Унинг энг яқин рақиби Брайан Мундулиле 38 фоиз овоз олди, қолган 12 номзод эса анча ортда қолди.
Натижа кутилган эди, аммо сайлов жараёни баҳсларсиз ўтмади. Мундулиле овоз беришда қоидабузарликлар бўлганини иддао қилди, бироқ буни тасдиқловчи далил келтирмади. Ундан аввал айрим мухолифат етакчилари ҳокимиятни ағдаришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.
Овозларни санаш жараёни ҳам бир муддат тўхтатилди. Бунга сайлов ходимларига ҳужум қилингани ва айрим ҳудудларда белгиланган бюллетенлар ўғирлангани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди. Халқаро кузатувчилар сайлов куни асосан тинч ўтганини қайд этган бўлса-да, мухолифатга қўйилган чекловлар ва оммавий ахборот воситаларига кириш имконияти борасида хавотир билдирди.
Ҳичилема ғалабадан сўнг ўзини қўллаб-қувватлаган сайловчиларга миннатдорлик изҳор этди. Пойтахт Лусака кўчаларига унинг тарафдорлари чиқиб, натижани нишонлади. Замбия 1991 йилда кўп партияли тизимга қайтганидан бери ҳокимиятнинг сайлов орқали тинч алмашиниши билан ажралиб туради. Мухолифат натижани судда баҳслашиши ҳозирча маълум эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА