Улушли қурилишларга оид муносабатлар тартибга солинади
Бугун қайси ҳудудга борманг, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари авжида эканлигига кўзингиз тушади. Янгидан-янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, бизнес марказлар замонавий кўринишларда қад ростламоқда. Бу борада статистик маълумотларга кўра, юртимизда кейинги йилларда қурилиш ҳажми 17,5 бараварга кўпайган. Ўз навбатида, мамлакатимизда қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, барча босқичларда шаффофликни таъминлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини самарали таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ қурилиш тез суръатларда ўсишига қарамасдан айрим муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Масалан, айрим ҳолларда қурувчи (девелоперлар) томонидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш графигига риоя қилинмаяпти. Улушли шартномалар эса фуқароларнинг манфаатларини етарлича инобатга олмасдан тузилмоқда. Қурилиш объектлари, уй-жойлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаяпти.
Қурилиш бозорида етарлича тажрибага эга бўлмаган қурувчилар кўпайиб, муаммоли қурилиш объектлари ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Шу билан бирга, улуш киритиш асосида кўп квартирали уйларни қуриш соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинмаган. Бу каби ҳолатлар натижасида кўплаб фуқаролар уй-жой сотиб олиш жараёнида муаммоларга дуч келмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасига киритилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларининг қурилишига жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишга оид муносабатларни қонун даражасида белгилаш назарда тутилмоқда. Лойиҳада белгиланган нормалар орқали қурилишга улуш киритишнинг амалдаги механизми тубдан такомиллаштирилиб, улушдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, уларнинг маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳада назарда тутилаётган нормалар қурилиш жараёнидаги улушдорларнинг ҳуқуқлари, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, қурилишга улуш киритиш тартибларини белгилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, қурилиш объектлари, уй-жойларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, қурилиш графигига амал қилиш каби масалаларни ҳам тартибга солади.
М.Комилова, ЎзА