3705 нафар фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилди
Сирдарё вилоятида йиллар давомида турли сабабларга кўра ҳуқуқий мақоми расмийлаштирилмай қолган уй-жой ва ер участкаларига оид масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Бу жараён доирасида яна 3705 нафар фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари расман эътироф этилди.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг тегишли қарорларига мувофиқ, мазкур фуқароларнинг якка тартибдаги уй-жойлари ҳамда улар жойлашган ер участкаларига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари қонуний тартибда эътироф этилди. Бу аввало йиллар давомида уй-жойи ёки унга туташ ер майдонидан амалда фойдаланиб келган, бироқ ушбу объектларга бўлган ҳуқуқлари расмий ҳужжатларда тўлиқ акс этмаган фуқаролар учун муҳим ҳуқуқий ечимдир. Энди уларнинг мулкий манфаатлари қонунчилик асосида кафолатланиб, кўчмас мулкдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ масалаларга аниқлик киритилади.
Мазкур ишлар «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини қонуний асосда расмийлаштириш, ер ва уй-жой масалаларидаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда мулкий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эътиборлиси, Сирдарё вилоятида мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунга қадар жами 8188 нафар фуқаронинг ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқлари қонунийлаштирилди.
Бу рақам ортида минглаб оилаларнинг уй-жойи, ери ва мулкий манфаатлари турибди. Ҳуқуқларнинг расмий эътироф этилиши эса фуқароларга ўз мулкидан қонуний фойдаланиш ва уни тасарруф этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос беради.
Энг муҳими, йиллар давомида ечимини кутиб келган мулкий масалаларга ойдинлик кириб, фуқароларнинг қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимояланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири