3 нафар ходим билан бошланган фаолият бугун 20 нафар учун иш ўрнига айланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманидаги Истиқбол маҳалласида фаолият юритаётган “Файзбахш” корхонасида эркаклар учун костюм шимлари ишлаб чиқарилади. Корхона ички бозор эҳтиёжини сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида, янги иш ўринлари яратишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тадбиркор Муҳаммаджон Тожибоев ўз фаолиятини 2010 йилда атиги 3 нафар ходим билан бошлаган. Бугунги кунда эса корхонада 20 нафарга яқин маҳалла фуқароси доимий меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг асосий қисмини ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар ташкил этиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30600]
Янги Наманган тумани ҳокими Адҳам Қорабоев корхона фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш жараёни, меҳнат шароитлари ҳамда маҳсулот сифатига қаратилган эътиборни кўздан кечирди. Суҳбат чоғида тадбиркор ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш режалари ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида корхона фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА