25 йил олдинги жиноят 2 йилдан кейин судда кўриб чиқилади
АҚШ ҳарбий суди 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳаракатини уюштиришда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад ва унинг уч нафар шериги устидан асосий суд мажлисини 2028 йил 5 июнга белгилади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги суд ҳужжатига таяниб хабар тарқатди.
Тегишли қарорни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари подполковниги, судья Майкл Шрама қабул қилди ва жараён Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасида бўлиб ўтиши белгиланди.
Белгиланган куни иш мазмунан кўриб чиқилиши эмас, балки ҳарбий хизматчилардан иборат судьялар ҳакамини танлаш режалаштирилган. Ҳайъат аъзолари судланувчиларнинг айбдор ёки айбсизлигини аниқлаб, якуний ҳукм чиқаришда иштирок этади. Томонларнинг кириш нутқи ҳакамлар ҳайъати тўлиқ шакллантирилгандан 30 кун ўтиб бошланади ва шундан сўнг айблов ҳамда ҳимоя томони далилларни тақдим этади.
Иш бўйича Холид Шайх Муҳаммад билан бирга Волид бин Аттош, Мустафо Ал-Ҳавсавий ва Али Абдул Азиз Али ҳам жавобгарликка тортилган Улар ўша машъум кун йўловчи ташийдиган самолётларни олиб қочиб, Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ҳамда Пентагон томон ҳаракатлантирган.
Жиноятчилар 2977 киши ҳаёт билан видолашган фожиани уюштиришда айбланмоқда. Айбланувчиларга ўлим жазоси берилиши мумкин. Аслида прокурорлар мажлисни 2027 йил январда бошлаш таклифини берган, бироқ судья бу вақт ичида далилларни қабул қилиш ва дастлабки масалаларни ҳал этиш имконсизлигини билдириб, таклифни рад этган.
Аввалроқ айбланувчилар билан битим тузилиб, уларнинг айбига иқрор бўлиши эвазига ўлим жазоси ўрнига шартли озодлик ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазоси берилиши назарда тутилган эди. Кейинчалик бу келишув бекор қилинди. Бош ташкилотчи сифатида кўрилаётган Холид Шайх Муҳаммад 2003 йил Покистонда қўлга олинган ва 2006 йилдан бери Гуантанамо турмасида сақланяпти. Ушбу шов-шувли иш бўйича дастлабки тинглов 2012 йилдаёқ бошланган. Далил, сўроқ қилиш усули ва баҳс жараёни сабаб асосий суд бир неча бор орқага сурилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА