2027 йилда Ўзбекистонда ўртача пенсия 1,8 миллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда
2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияга кўра, келгуси йилларда Ўзбекистон пенсия тизимида ҳам пенсия миқдори, ҳам пенсия олувчилар сонининг ўсиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда 2027 йилда мамлакат бўйича ўртача ойлик пенсия миқдори 1,8 миллион сўм атрофида бўлиши прогноз қилинган.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда ўртача пенсия 1,7 миллион сўм даражасида бўлиши кутилган бўлса, 2027 йилда бу кўрсаткич тахминан 100 минг сўмга ошади. Яхлитланган рақамлардан келиб чиқилганда ўсиш суръати қарийб 5,9 фоизни ташкил этади. Бироқ стратегия ҳужжатида пенсияларнинг аниқ ўсиш фоизи келтирилмаган.
Пенсия олувчилар сони ҳам ошиб бормоқда. Фискал стратегияга мувофиқ, 2027 йилда пенсия олувчилар сони 4 миллион 592 минг нафарга етиши мумкин. Бу 2026 йилга нисбатан қарийб 165 минг нафарга кўп деганидир.
Ўрта муддатли прогнозлар эса бу кўрсаткичнинг кейинги йилларда ҳам изчил ўсишини кўрсатмоқда. Жумладан, 2028 йилда 4,76 миллион нафар,
2029 йилда эса 4,94 миллион нафарни ташкил этади.
Шу билан бирга, ўртача пенсия миқдори ҳам босқичма-босқич ўсиши прогноз қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2028 йилда ўртача пенсия 1,9 миллион сўм, 2029 йилда эса 2,1 миллион сўм атрофида бўлади.
Пенсия олувчилар сонининг кўпайиши Пенсия жамғармаси харажатларининг ҳам ўсишига олиб келади. Стратегияга кўра, 2027 йилда жамғарма харажатлари — 95,7 триллион сўм, бу 2026 йилга нисбатан 11,1 фоизга кўп, 2029 йилга келиб эса мазкур харажатлар 119,4 триллион сўмгача етиши мумкин. Жамғарма даромадлари ҳам ўсиши прогноз қилинган. Хусусан, 2027 йилда улар 73,8 триллион сўмни ташкил этиши, яъни қарийб 14 фоизга ошиши кутилмоқда. Даромадларнинг асосий қисми — 71,4 триллион сўм — ижтимоий солиқ ҳисобидан шаклланиши режалаштирилган.
Шунга қарамасдан, жамғарма маблағлари пенсия тўловларини тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмайди. Шу боис пенсияларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида республика бюджетидан 23 триллион сўм трансферт ажратилиши режалаштирилган. Бу маблағ 2026 йил учун ҳам худди шундай миқдорда белгиланган.
Фискал стратегияда қайд этилишича, амалий ислоҳотлар амалга оширилмаса, пенсия тизимининг давлат бюджетига қарамлиги юқорилигича сақланиб қолади. Бу ҳолатнинг асосий сабаблари сифатида экспертлар норасмий бандликнинг юқори даражаси, айрим юридик шахслар учун ижтимоий солиқ бўйича берилган имтиёзлар, ижтимоий солиқ тўловчилар базасининг чекланганини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат бир қатор таклифларни илгари сурмоқда. Жумладан, ҳозирда ижтимоий солиқ тўламайдиган ўзини ўзи банд қилган шахсларни босқичма-босқич ушбу тизимга жалб қилиш, расмий даромадга эга фуқароларга ишламайдиган оила аъзолари учун ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш орқали меҳнат стажини шакллантириш имконини бериш, ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзларни чеклаш ва мавжуд имтиёзларни босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш лозим.
Амалдаги ҳолат 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда 4,35 миллиондан ортиқ пенсия олувчи рўйхатга олинган. Уларнинг 3,6 миллионга яқини — ёшга доир пенсия, 484,5 минг нафар — ногиронлик пенсияси, 260,6 минг нафар — боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилардир.
Шу даврда мамлакат бўйича ўртача пенсия 1,58 миллион сўмни ташкил этган. 2026 йил 1 июлдан пенсиялар ўртача 7 фоизга оширилган. Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача пенсия Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, 2,16 миллион сўмни ташкил этган.
Фискал стратегияда белгиланган прогнозлар пенсия тизимида ижобий ўсиш сақланишини кўрсатмоқда. Бироқ пенсиялар миқдорининг ортиши билан бир қаторда давлат бюджети зиммасидаги молиявий юк ҳам ошиб бормоқда. Шу боис пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий солиқ базасини кенгайтириш келгуси йиллардаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА