12,5 триллион сўмлик яширин солиқ базаси аниқланди
2026 йилнинг биринчи ярмида давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган солиқ аудитлари мамлакатда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш борасидаги ишлар янги босқичга чиққанини кўрсатмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, январь–июнь ойларида 2 минг 335 та тадбиркорлик субъектида солиқ аудити ўтказилган бўлиб, бу жами 601 минг нафар фаол солиқ тўловчининг атиги 0,4 фоизини ташкил этади.
Бу рақам муҳим жиҳатни намоён этади: бугунги кунда солиқ назорати барча тадбиркорларга эмас, балки хавф таҳлили асосида танланган субъектларга йўналтирилмоқда. Яъни, солиқ органлари рақамли таҳлил, электрон маълумотлар базаси ва рискларни баҳолаш тизими орқали қонунбузилиш эҳтимоли юқори бўлган субъектларни аниқлаб, текширувларни манзилли ташкил этмоқда.
Аудит натижалари мамлакат иқтисодиётида яширин айланмалар ҳали ҳам салмоқли эканини кўрсатди. Текширувлар давомида 1 минг 124 та солиқ тўловчида 12,5 триллион сўмлик яширин солиқ базаси аниқланган.
Таҳлил қилинса, қонунбузилишларнинг асосий қисми уч йўналишда тўпланган. Жумладан, реализация қилинган товарларни ҳисоботда кўрсатмаслик, омбор ва савдо нуқталаридаги товарларнинг ҳисоб билан мос келмаслиги, кирим қилинмаган товарларни сақлаш ёки сотиш.
Бу ҳолатлар нафақат давлат бюджетига тушумларни камайтиради, балки бозорда ноқонуний рақобат муҳитини ҳам шакллантиради. Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаётган тадбиркорлар учун бундай ҳолатлар иқтисодий адолат тамойилига зид ҳисобланади.
Аудит натижаларига кўра, қўшимча ҳисобланган солиқларнинг қарийб 71 фоизи савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келган. Бунинг бир нечта иқтисодий сабаблари мавжуд. Биринчидан, ушбу соҳаларда нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми юқори бўлиб, айланмалар жуда катта.
Иккинчидан, қурилиш соҳасида субпудрат муносабатлари, материаллар ҳаракати ва ҳисоб-китоблар кўп босқичли бўлгани сабабли солиқ хавфи нисбатан юқори ҳисобланади. Учинчидан, савдо соҳасида товар ҳаракатини тўлиқ рақамлаштириш ва электрон ҳисоб-фактуралар тизимини янада кенг жорий этиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ярим йиллик аудитлар натижасида 8,2 триллион сўм қўшимча солиқ ҳисобланган. Бу маблағлар давлат бюджети даромадларини ошириш, ижтимоий соҳаларни молиялаштириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда аҳолини қўллаб-қувватлаш дастурлари учун муҳим ресурс ҳисобланади.
Ҳозирги кунга қадар тўлов муддати етган 4,5 триллион сўмнинг 455 миллиард сўми ундирилган. Бу эса солиқ қарзларини ундириш жараёни босқичма-босқич давом этаётганини англатади.
Сўнгги йилларда электрон ҳисоб-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, электрон товар-транспорт юкхатлари, маркировка тизими ва маълумотлар алмашинувининг рақамлаштирилиши солиқ хавфларини аниқлаш имкониятларини кенгайтирди.
Эндиликда текширувлар инсон омилига эмас, балки маълумотлар таҳлили ва автоматлаштирилган риск индикаторларига асосланмоқда. Бу эса бир томондан ҳалол тадбиркорларни ортиқча текширувлардан ҳимоя қилса, иккинчи томондан қонунбузилишларга нисбатан таъсирчан назоратни таъминлайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА