2027 йилда инфляция даражасини 5 фоиз атрофида ушлаб туриш режалаштирилмоқда
Янги Фискал стратегияда инфляцияни 5 фоиз атрофида ушлаб туриш, бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 3 фоизидан оширмаслик, давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия мамлакатда ўрта муддатли макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат молиясини самарали бошқариш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Стратегия Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси, «Ўзбекистон–2030» стратегияси ҳамда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид дастурий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлат бюджети ва солиқ-бюджет сиёсатининг ўрта муддатли устувор йўналишлари белгилаб берилган. Асосий мақсад иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, инфляцияни назорат қилиш, бюджет тақчиллигини чекланган даражада ушлаб туриш ва давлат қарзининг хавфсиз даражасини сақлаб қолишдан иборат.
Фискал стратегияга мувофиқ, «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланганидек, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган.
Шу билан бирга, 2026 йилдан бюджет тақчиллигини ҳисоблаш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Энди умумий фискал баланс давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳамда бюджет ссудалари ва кредит линиялари бўйича операцияларни қамраб олган ҳолда ҳисобланади.
Фискал стратегияда 2027 йил учун давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари даромадларининг дастлабки прогнозлари ҳамда 2028–2029 йилларга мўлжалланган асосий кўрсаткичлар акс эттирилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат бюджет маблағларини биринчи даражали тақсимловчиларга ажратиладиган маблағлар ҳамда маҳаллий бюджетларга йўналтириладиган трансфертлар ҳажмини белгилашда асосий дастурий ҳужжат вазифасини бажаради.
Асосий мақсадлар иқтисодий ўсишни барқарор таъминлаш, инфляцияни 2027 йилдан 5 фоиз атрофида ушлаб туриш, бюджет тақчиллигини ЯИМнинг 3 фоизидан оширмаслик, давлат қарзини ЯИМнинг 40 фоизидан юқорига чиқармаслик, давлат молияси тизими самарадорлигини ошириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва натижадор фойдаланишдан иборат.
Ҳужжатда таъкидланишича, жаҳон иқтисодиётида сақланаётган геосиёсий кескинликлар ва ташқи иқтисодий ноаниқликларга қарамасдан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА