2026 йилда 73 мингдан зиёд оила янги уй-жой билан таъминланади
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Ўзбекистонда ипотека бозори ва уй-жой субсидияси: таҳлил, имкониятлар ва янги ёндашувлар” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Вазирлик масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда уй-жой сиёсати соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижалари таҳлил этилди. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлаш тизими жорий этилгани, даромади юқори бўлмаган аҳоли қатламларини давлат томонидан субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларини комплекс қуриш ишлари бошлангани таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши реновация ва ипотека дастурларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Расул Ҳамидовнинг қайд этишича, ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга ихтисослашган молиявий институт – “Ўзбекистон ипотека кредитларини қайта молиялаш компанияси” АЖ ташкил этилгани соҳадаги муҳим институционал ўзгаришлардан биридир.
[gallery-29359]
– Ипотека кредитлаш дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020-2025 йилларда барча манбалар ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари ҳажми изчил ошиб борди. 2025 йилда мазкур кўрсаткич 21,2 триллион сўмни ташкил этди. 2026 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида жами 23 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 12,3 триллион сўм давлат бюджети, 7,7 триллион сўм тижорат банклари ҳамда 3 триллион сўм Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобига тўғри келади. Натижада 73 мингдан зиёд оила янги уй-жой билан таъминланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ипотека кредитларининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 480 миллион сўмгача, ҳудудларда эса 380 миллион сўмгача оширилди, – деди Р.Ҳамидов.
Тадбирда ипотека кредитлари бўйича субсидиялаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, даромади юқори бўлмаган фуқаролар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг бир қисмини қоплаш мақсадида 30 миллион сўмгача субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилган. Шунингдек, фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми дастлабки 5 йил давомида давлат томонидан қоплаб берилади.
Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб олий малака тоифасига эга ва камида 15 йиллик иш стажига эга педагоглар учун ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплашга қаратилган янги субсидия механизми жорий этилгани қайд этилди. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган.
Тадбирда ипотека субсидиялари тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, “subsidiya.idm.uz” платформаси орқали субсидия учун аризаларни инсон омилисиз автоматик баҳолаш тизими жорий этилгани, аризаларни кўриб чиқиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилгани таъкидланди. Бу эса тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Мулоқот якунида ипотека бозорида янги молиявий инструментларни жорий этиш бўйича режалар ҳам маълум қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб тажриба-синов тариқасида мақсадли ипотека омонати механизми йўлга қўйилади.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА