11 миллиард долларлик фазовий жанг…
“Amazon” сунъий йўлдош алоқа бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида “Globalstar” компаниясини 11,57 миллиард долларга сотиб олишини маълум қилди. Бу қадам билан корхона ўз коинот интернети лойиҳасини жадаллаштириб, рақобатда илдамлашни мақсад қилмоқда. Шу тариқа, "Amazon" илк бор сунъий йўлдош алоқа тизимида жиддий субъектга айланиш ниятини билдирди.
Мазкур келишув “Amazon” компаниясига “Globalstar”га тегишли мавжуд тармоқни ўз тизимига қўшиш имконини беради. Ер орбитасига минглаб янги қурилма чиқаришни режалаштирган бу жамоа 2029 йилгача 3200 сунъий йўлдош мосламасини коинотга олиб чиқишни мақсад қилган. Бу орқали интернет хизматини қурилмаларга бевосита етказиш технологияси жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Айни йўналишда “Amazon”га асосий рақобатчи “SpaceX” компанияси “Starlink” хизматидир. Илон Маск раҳбарлик қилаётган бу лойиҳа аллақачон миллионлаб фойдаланувчини қамраб олган. Демак, янги харид бозордаги куч мувозанатини тебратиши мумкин.
Битимнинг яна бир муҳим жиҳати бор: “Globalstar” орқали “Apple” қурилмасида ишлайдиган фавқулодда алоқа хизмати сақланиб қолади. Яъни, келишув нафақат рақобатни кучайтиради, балки сунъий йўлдош орқали алоқа технологияси янада оммалашишига туртки беради.
Мусулмон Зиё,
ЎзА