1-синфга қабул: Қайси ҳолатларда ариза рад этилиши мумкин?
2026/2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари давом этмоқда. Шу муносабат билан ота-оналарни қизиқтираётган энг долзарб саволларга аниқлик киритилди.
Маълум қилинишича, my.maktab.uz платформаси орқали мактабга бориш учун белгиланган навбатни унинг санаси ўтмасдан туриб ўзгартириш имконияти мавжуд эмас. Агар учрашув (навбат) белгиланган бўлса, уни фақат белгиланган кун ва вақт ўтиб кетганидан кейин қайта танлаш ёки янги навбат олиш мумкин.
Шунингдек, 1-синфга қабул учун берилган ариза қайси ҳолатларда рад этилиши мумкинлиги ҳам тушунтирилди.
Агар боланинг тиббий маълумотномасида умумтаълим мактабларида таълим олиши тавсия этилмаган бўлса, бола танланган таълим тилида бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса ва сўровномада кўрсатилган маълумотлар нотўғри экани аниқланса қабул комиссияси болани умумтаълим мактабига қабул қилишни рад этиши мумкин.
Таъкидланишича, мазкур ҳолатлардан ташқари бошқа асослар билан болани умумтаълим мактабига қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА