Наманганда фаол махсус педагоглар сараланди
Бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида фидойи, билимдон ва ташаббускор педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, махсус таълим соҳасида фаолият юритаётган педагоглар имконияти чекланган болаларга таълим ва тарбия бериш, уларни жамиятга мослаштириш йўлида масъулият билан меҳнат қилмоқда.
Умумтаълим муассасаларининг инклюзив таълим синфларида фаолият олиб бораётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи Наманган шаҳридаги 3-сонли мактабида ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Республика ташхис маркази директори Лилия Гайнутдинова, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хайрулло Абдураҳмоновнинг айтишича, мазкур танлов жонкуяр устозларни рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ҳамда касбий маҳоратини намоён этмоқда. У орқали педагогларнинг ижодкорлиги, инновацион ёндашуви ва таълим сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари кенг жамоатчиликка танитилади.

Кўрикнинг ҳудудий босқичларида Намангандаги 351 та мактабдан энг фаол, ташаббускор ҳамда илғор педагоглар қатнашган бўлса, вилоят босқичида 14 нафар иштирокчи ғолиблик учун ўзаро беллашди. Жараёнда қатнашчилар амалий очиқ коррекцион-ривожлантирувчи машғулот, “Менинг педагогик фаолиятим” тақдимоти, касбий билим ва компетенциялар синови каби шартлар асосида баҳоланди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Уйчи туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабининг махсус педагоги Хуршида Шамсиддинова ғолиб деб топилди. Ғолибга жорий йил август ойида ўтказиладиган “Инклюзив таълимни ривожлантириш: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусидаги республика конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.