Зулфияхоним қизлари янада фаол бўлсин
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирокида "Ислоҳотлар ва юрт тараққиётига менинг ҳиссам" мавзусида видеомулоқот ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари иштирок этди.
Видеомулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Маликахон Қодирхонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гулнора Маъруфова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтидорини аниқлаш учун чексиз имкониятлар яратилаётганини таъкидладилар.
Мамлакатимизда таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти баркамол, оқила хотин-қизларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари иккитадан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши анъанага кирган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, "Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонига ўзгартишлар киритилди.
Эндиликда ҳар бир вилоятдан икки нафардан ҳамда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли қизлар 7 йўналишда ушбу нуфузли мукофот соҳибаси бўлишдек имкониятни қўлга киритдилар.
Тадбирда қайд этилганидек, Зулфияхоним издошлари энг намунали, ибратли қизлар бўлмоғи зарур. Зеро, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним садоқат, баркамоллик, изланувчанлик ва истеъдод тимсоли эдилар.
Видеомулоқот давомида таъкидланганидек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганидан буён ушбу мукофот билан жами 396 нафар иқтидорли қизлар тақдирланган бўлиб, уларнинг 89 нафари адабиёт, 84 нафари санъат, 69 нафари маданият, 56 нафари таълим, 50 нафари фан, 41 нафари спорт ва 7 нафари жамоатчилик йўналишларида мукофот соҳибаси бўлган.
[gallery-8943]
Бугунги кунда мукофот совриндорлари давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида хизмат қилмоқда, илмий фаолият билан шуғулланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 март куни қабул қилинган "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида туб бурилиш даври бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 мартдаги тегишли қарори билан оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган давлат сиёсати асосий йўналишларининг энг биринчиси ҳам хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш, гендер тенгликка оид сиёсатни давом эттириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш юзасидан ислоҳотларни амалга ошириш эканлиги белгилаб қўйилган.
–Мен 2001 йилда биринчилардан бўлиб Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилганман, – деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, бастакор Ойдин Абдуллаева . – Ҳар бир соҳада аёлларнинг фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти катта масъулият демакдир. Қизлар учун имтиёз ва имкониятлар кун сайин ортиб бораётгани қувонарлидир. Бундай неъматларни тўғри тушуниш, қадрига етиш ва атрофдагиларга тўғри етказиш жуда муҳимдир.
Тадбирда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг бугунги кундаги ижоди ва фаолиятини оммалаштириш, хотин-қизлар билан манзилли ишлашда мукофот совриндорларининг имкониятларидан унумли фойдаланиш,
Зулфияхоним қизларининг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишдаги иштирокини янада самарали ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА