Сурхонда кузнинг сўнгги жилолари
Кузнинг сўнгги кунларида Сурхон воҳаси ўзига хос тароват касб этган. Бойсуннинг олис тоғли ҳудудлари ва Термиз шаҳридаги истироҳат боғларида фаслнинг бетакрор манзараларига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бойсуннинг улуғвор тоғлари, бепоён қир-адирлари, кузги рангларга бурканган дарахтлар ўзаро уйғунликда ажиб манзара ҳосил қилган. Тоғ ёнбағирларидаги сокинлик, мусаффо ҳаво ва табиатнинг ранг-баранг жилолари кишига завқ бағишлайди.
Термиз шаҳридаги истироҳат боғларида эса кузнинг ўзгача жозибаси намоён бўлмоқда. Сариқ ва зарғалдоқ тусга кирган дарахтлар, хазон тўшалган йўлаклар, шохларда қолган олтинранг япроқлар шаҳар қиёфасига алоҳида кўрк бағишлаган.
Тоғлар бағридаги осойишталик ва шаҳар боғларидаги хазонрезги кузнинг икки хил, аммо бирдек мафтункор қиёфасини акс эттиради. Қиш арафасида табиатнинг бундай гўзаллиги инсонни атроф-оламни асраб-авайлашга, унинг ҳар бир лаҳзасини қадрлашга ундайди.
[gallery-32785]
Кузнинг сўнгги кунларида Бойсун тоғлари ва Термиз боғларида муҳрланган ушбу манзаралар Сурхон воҳаси табиатининг нақадар гўзал ва ранг-баранг эканини намоён этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА