Зомин бунёдкорлик, инвестиция ва туризм марказига айланмоқда
Республикамиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах вилоятининг Зомин туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари янги босқичга кўтарилди. Янги ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари, замонавий инфратузилма иншоотларининг фойдаланишга топширилиши аҳоли турмуш сифатини юксалтириш, бандликни таъминлаш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
“Зомин технопарки” махсус саноат зонасида умумий қиймати 854 миллион 500 минг долларлик 12 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиш материаллари, мебел ва кабел ишлаб чиқаришга ихтисослашган учта йирик корхона ишга туширилди. Йил якунига қадар эса яна 180 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Даштобод шаҳридаги “Artеl Еlеctronics Zomin” филиали минглаб ёшларни иш билан таъминлади. Корхонада ходимлар учун ётоқхона, иссиқ овқат ва транспорт хизмати йўлга қўйилган бўлиб, қўшимча 1500 та янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 624 миллиард сўм йўналтирилди. Мактаблар реконструкция қилинмоқда, маданият саройи ва оқова сув тармоқлари қурилмоқда. “Ташаббусли бюджет” доирасида янги ўқув бинолари ва мини стадионлар барпо этилди.

Президентимиз 2025 йил 22 июль куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, воҳадаги янги инвестиция лойиҳалари, саноат, туризм ва ҳудудни ривожлантириш бўйича режалар билан танишган ва ана шу ташриф доирасида Зомин туманидаги “Ислоҳотлар штаби” фаолияти ҳам кўриб чиқилган ва ўшандаги топшириқлари ижроси доирасида 20 миллиард 100 миллион сўм ҳисобидан кўп қаватли уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари таъмирланди. Ғафур Ғулом маҳалласида 160 хонадонли 8 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 98 километр ички йўл, 65 километр давлат аҳамиятидаги йўл, 87 километр электр тармоғи, ичимлик суви ва газ тармоқлари янгиланди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оғир тоифадаги маҳаллаларда 17 миллиард 900 миллион сўм эвазига сув таъминоти яхшиланиб, қудуқлар, лотоклар ва янги сув тармоқлари барпо этилди. Бу аҳолининг томорқадан даромад олиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Туманда экологик барқарорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда 1 миллион 700 мингдан ортиқ, 2026 йил баҳорида эса 532 мингдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Иккита “Яшил боғ” ва битта “Ҳокимлик боғи” ташкил этилди.
Жорий йилда Зомин туманининг экспорт режаси 36 миллион 100 минг доллар этиб белгиланган.
Электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика ва ипак маҳсулотлари асосий экспорт йўналишларини ташкил этмоқда.
Зоминда 146 та жойлаштириш воситаси, Суффа платосида замонавий меҳмонхоналар, соғломлаштириш маркази, республикадаги энг машҳур осма кўприк ва осма дор йўли фаолият юритмоқда.

Ўтган йили туманга 100 мингга яқин хорижий ва 1 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткичларни янада ошириш режалаштирилган.
Жанубий кореялик сайёҳ Ҳан Сеунг Ҳшан Зоминни Швейцария табиатига қиёслаб, унинг тоғлари, осма кўприги, зиплайни ҳамда миллий таомларидан катта таассурот олганини таъкидлади. Бу эса Зоминнинг халқаро туристик йўналиш сифатидаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири