“Жасорат мактаблари”га саралашнинг иккинчи босқичи бошланди
“Жасорат мактаблари”га қабул жараёни қизғин давом этмоқда. Бу даргоҳга қабул қилиш нафақат билим, балки жисмоний тайёргарлик, интизом ва матонатни ҳам талаб қилади.
Шу боис ҳар бир синов келажакда Ватан хизматига бел боғлаган ўқувчилар учун муҳим имтиҳон ҳисобланади.
Бугун республика бўйлаб “Жасорат мактаблари”га қабул имтиҳонларининг иккинчи босқичига старт берилди. Синовлар мамлакатнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида 208 та бинода ташкил этилди.
Тадбир бошида ҳарбий оркестр садолари остида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари тантанали тарзда кутиб олинди. Шундан сўнг ҳамкор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокчиларга омад тилаб, уларни ватанпарварлик руҳидаги мусиқа садолари остида имтиҳон биноларига кузатди.
Жисмоний тайёргарлик бўйича синовларда 4-синф ўқув дастури асосида ҳар бир номзодга 5 та жисмоний машқ бажариш вазифаси берилди. Мазкур босқичдаги натижаларни баҳолаш учун 1 664 нафар малакали ҳакам жалб этилган бўлиб, ҳар бир мактаб учун камида 8 нафар ҳакам фаолият юритмоқда. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлиги 50 баллик тизим асосида баҳоланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА