Ўзини ўзи банд қилиш тизими: қулай ва самарали
Қувонарлиси, ушбу амалиёт орқали минглаб норасмий секторда ишлаб келаётган жисмоний шахсларнинг фаолияти қонунийлаштирилади.
Сирдарё вилоятида фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш, ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек оилаларида ўз уйида, айниқса, қишлоқ ёки шахсий томорқасида кундалик юмуш билан банд бўлмаган оилани топиш қийин. Қишлоқлардаги хонадонларнинг бўлмаганида 2-3 бош қорамоли, 5-10 бош қўй-эчкиси бор. Ота мерос қолган – қўлигул уста, дурадгор, косиб, сартарош, новвой, ошпаз, чевар каштадўз, тикувчи, қўйингки, тандирчи, қассоб, гиламчи ва ҳоказо касбини давом эттириб келаётган оилалар эса миллионлаб топилади. Улар бир умр бирор бир корхона, ташкилот, муассасада ишламай, шу касби орқасидан ҳаёт кечириб, халқ хизматида бўлган. Аммо ёши бир жойга бориб, белдан қуввати, кўздан нури кетиб, касбини давом эттира олмай, пенсия ёшига етгач, гарчи умри давомида эл корига яраб келган бўлса-да, арзимаган маблағ эвазига қарилик пенсиясига чиқарилади. Чунки у бажариб келган иши давомида ҳеч қаерга, ҳеч қандай солиқ тўламаган, бирор иш билан машғуллиги ҳеч қаерда қайд ҳам этилмаган.
Давлатимиз раҳбари қарори асосида жисмоний шахслар 67 та фаолият туридан исталгани билан шуғулланиши ва буни қонуний рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги қайд этилди. Бир умр қилиб келган ва бундан кейин ҳам давом эттирадиган ишни давлат рўйхатидан ўтказиши билан эртага пенсия ёшига етганида ҳар бир йилига меҳнат стажи ҳисобланади ва шунга қараб унга пенсия тайинланади.
– Президентимиз ушбу тарихий ҳужжатга имзо чекиш орқали чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш, аниқроқ айтганда, қўй-эчкиларни ёйиб чўпонлик, қорамолларни боқиб подачилик қилиш, жисмоний шахсларни велосипедларини, компьютерларини таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш (ҳаммол) ва бошқа шу каби ишлар билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиши мумкинлиги батафсил баён этилгани билан халқимизнинг ижтимоий ҳаётида жуда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Аброр Бекматов. – Жойларда олиб борилган ташвиқот ва тарғиботлар натижасида бугунги кунда вилоятда 6 минг нафарга яқин ўзини ўзи банд қилган фуқаролар “Soliq” мобиль иловаси орқали ўзини-ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтди. Асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган вилоят учун бу жуда кам кўрсатгич. Демак мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини халқимизга янада чуқурроқ англатишимиз лозим.
Дарвоқе, қарор мазмун-моҳиятини тўғри англаб, “Soliq” мобиль иловаси орқали масофадан туриб бепул рўйхатдан ўтаётган фуқаролар ушбу қулайликдан жуда мамнун бўлаётганини ҳам шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз.
Айни вақтда ўзини ўзи иш билан таъминлашга рухсат этилган 67 та фаолият тури бўйича вилоятда энг талабгир йўналиш – қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар, жумладан, чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш кабилар бўлиб турибди. Мазкур йўналишда эса 1 минг 527 нафар аҳоли ўзини ўзи бандлигини таъминлаган.
Маиший хизматлар, масалан, сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмол қилиш, калитлар нусхасини тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш, косиблик яъни этикдўзлик хизматлари каби соҳаларда эса 1 минг 337 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.
Саноат йўналиши бўйича, яъни ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, пластик идишлар ва темир терсак йиғиш ва қўшимча хомашё тўплаш хизматлари билан 730 нафар шахс рўйхатга олиниб шуғулланаётган бўлса, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар жумладан, уйида нон ёпиб, тортлар, поп-корн, турли салатлар, пишириқ ва егуликлар, музқаймоқ, салқин ичимликлар, айрон, гўжа, тайёрлаш ёки деҳқон бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб чиқариб сотиш ишлари билан 696 нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, бугунги кунда шу иш билан машғул ҳолда меҳнат стажларига эга бўлаётир.
Булардан ташқари, ижтимоий йўналишлар бўйича, яъни уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати хизматлари бўйича рўйхатдан ўтиб машғул бўлишни 1 минг 248 нафар фуқаро маъқул деб топган.
Ахборот коммуникация йўналиши хизматлари – ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш бўйича 63 нафар шахс рўйхатга олинди.
Эътиборлиси, юқоридаги фаолият турлари билан олдинлари якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам ушбу фаолият турлари билан бемалол шуғулланишлари, рўйхатдан ўтиб, ўз меҳнат стажларини кўпайтириш имкониятга эга бўлди.
Қувонарлиси, ушбу амалиёт орқали минглаб норасмий секторда ишлаб келаётган жисмоний шахсларнинг фаолияти қонунийлаштирилади. Уларга ижтимоий солиқ тўланган даврда иш стажи ҳисобга олинади ҳамда келгусида пенсия таъминотига асос яратилади. Ушбу қарор билан халқимизнинг манфаати қанчалик чуқур ўйлангани мана шуларда яққол ўз аксини топган.